Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: prmira.ru
Ўзбекистонда модулли меҳмонхоналар қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидия миқдори оширилди. Муддати эса 2027 йил 1 январгача узайтирилди.
Ўзбекистонда модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия миқдори оширилди, муддати эса узайтирилди. Бу 15 май куни имзоланган «2025−2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида [ПФ-87-сон] қайд этилган.
2027 йил 1 январгача тадбиркорлар томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун камида 10 та модулдан иборат бўлган модулли меҳмонхоналар учун қуйидаги миқдорларда 1 марталик субсидия ажратилади:
- I тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун — 10 млн сўм;
- II тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун — 7 млн сўм;
- III тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун — 5 млн сўм.
Аввал субсидия модулли меҳмонхонада яратилган ҳар бир жой учун 1 млн сўм этиб белгиланганди. Муддати эса 2026 йил 1 ноябргача эди.
2028 йил 1 январгача тиббий туризм кластерларининг туризм йўналишидаги ходимлари малакасини ошириш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.
2030 йил 1 январгача тиббий туризм кластерларининг хизматлари халқаро туризм ва тиббиёт ярмаркалари ҳамда кўргазмаларида тарғиб қилинади.
2025 йил 1 июндан туризм соҳасига оид барча давлат электрон тизим ва платформалари Миллий туризм ягона платформаси доирасида ишлаб чиқилади.
2025 йил якунига қадар Самарқанд шаҳрида «Ипак йўлида туризм» тематик офиси ташкил этилади.
Фармонга кўра, республика миқёсида ёшлар ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақалари ғолиблари қўшимча равишда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмаси билан тақдирланиши белгиланди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
 
									 
					
