Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Milliy TV
Пахтачи туманида мактаб ўқувчилари ўртасида юз берган жанжал оқибатида 18 ёшли йигит вафот этди. Воқеага Instagram’даги тортишув сабаб бўлгани айтилмоқда. «Ёлғиз фарзандим эди. Орзулари жуда катта эди. Бир умр кечирмайман», — дейди марҳумнинг онаси.
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида мактаб ўқувчилари ўртасида юз берган жанжал улардан бирининг ўлими билан тугади. Бу ҳақда Milliy телеканалида хабар берилди.
Жанжал 14 май куни тумандаги 1-мактабнинг уч нафар ўқувчиси ва 12-мактабнинг икки нафар ўқувчиси ўртасида мактаб дарсларидан ташқари пайтда содир бўлган. Оқибатда 12-мактаб ўқувчиларидан бири — 18 ёшли йигит воқеа жойида ҳалок бўлган. Жанжалга ижтимоий тармоқлардаги тортишув сабаб бўлган. Улар Instagram’даги изоҳларда гап талашиб, бир-бирини ҳақоратлаган.
Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими Ҳаёт Маҳкамовнинг сўзларига кўра, уни бошқа бир ўқувчи тирсаги билан урган. Сўнгра орқа мия билан йиқилиб, тили орқага кетиб қолган.
«Воқеа жойига борганимизда биологик ўлим қайд этилган эди. Беморда кўз қорачиқларининг максимал кенгайиши, йирик артериал ва веналарда пульснинг ва йирик жароҳатларнинг йўқлиги, бўйин атрофида шикастланиш белгилари, оғиз ҳамда бурун атрофида қон излари аниқланган», — дейди шифокор.
«Дарсларда ўқимайди, деган гап эшитмаганман, баҳолари беш эди. Ёлғиз фарзандим эди…Орзулари жуда катта эди. Болалар билан уришадиган бола эмасди. Бир умр кечирмайман…», — дейди марҳумнинг онаси.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.
Вояга етмаган ўқувчилар гумонланувчи сифатида ушланиб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
