Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Фото: «Дунё»
Россиянинг Сургут шаҳрида оиладаги зўравонлик қурбони бўлган она ва унинг уч фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди. Аёл турмуш ўртоғи томонидан кучли босим ва таҳқирларга учраган ва ватанга қайтишга қарор қилган. Бош консулхона кўмагида улар Екатеринбург — Наманган рейсига кузатиб қўйилган.
Ўзбекистон бош консулхонаси ходимлари кўмагида Россиянинг Сургут шаҳрида оиладаги зўравонлик қурбонига айланган фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Бош консулхона маълумотга кўра, 15 май куни И.М. турмуш ўртоғи Қ.М. томонидан кучли босим ва таҳқирларга учрагани сабабли доимий яшаш манзилига юборишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мазкур оила 2024 йил май ойида вояга етмаган икки нафар фарзанд билан бирга Сургут шаҳрига келган. Мазкур оиланинг учинчи фарзанди шу шаҳарда туғилган. Жабрланувчининг турмуш ўртоғи Россия ҳудудида қонуний бўлиши учун лозим бўлган ҳужжатларни расмийлаштирмаган ҳолда турли жойларда ишлаган.
«Оиладаги етишмовчиликлар, тайинли иш жойи ва даромаднинг йўқлиги сабабли келишмовчиликлар юзага чиққан. Кунора бўлаётган жанжалдан тоқати тоқ бўлган она болаларини олиб Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган. Бундан хабар топган ота уларнинг паспортларини олиб қўйган», — дейилади хабарда.
Дипломатлар мазкур оилада бўлиб, Қ.М.дан турмуш ўртоғи ва фарзандларининг ҳужжатларини олиб берган ва уларни Екатеринбург шаҳрига олиб келган. Шунингдек, И.М.нинг Россияда туғилган учинчи фарзандига ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган.
Аёл ва унинг 3 нафар фарзанди 19 май кунги Екатеринбург — Наманган авиайўналишига кузатиб қўйилган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
