Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Тошкент вилояти Янгийўл туманида 27 ёшли эркак хотинини ўлдирганликда айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди. «Газета.uz» тегишли суд материалини ўрганди. Иш 24 апрель куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судида кўриб чиқилган.
Суд ҳужжатида келтирилишича, айбланувчи 1997 йилда Тошкент вилоятида туғилган Д.Н. муқаддам судланмаган, «Тошкент метрополитени» ДУКда электропоезд машинисти бўлиб ишлаган. У 2024 йил 10 декабрь куни ўша йилнинг май ойида ўзаро жанжал сабаб ота-онасининг уйига кетиб қолган хотинини иш жойидан олиб кетишга борган.
Эркак хотинини Nexia-3 машинасида Янгийўл туманининг «Байтиш» МФЙдаги Салар каналидан ўтган кўприкка олиб келган. Ўша ерда ўрталарида рашк туфайли келиб чиққан ўзаро жанжал вақтида Д.Н. аввалдан тайёрлаб қўйилган ошхона пичоғи билан хотинининг чап кўкрак қафасига зарба берган. Эркак аёлнинг ўлганига ишонч ҳосил қилиб, мурдани Салар каналига ташлаб юборган.
Суд-тиббий экспертизасида аёл ўша вақтда 15−20 ҳафталик ҳомиладор бўлгани аниқланган.
Судда кўрсатув берган Д.Н. айбига қисман иқрор бўлиб, аёли билан 2024 йил май ойидан бери яшамаганини, ҳомиладорлигини билмаганини айтди.
«Хотиним билан 2021 йилда севишиб турмуш қурганмиз, ўғлимиз бор. У Янгийўл туманидаги оилавий поликлиникада ишларди. 2023 йилда савдо-сотиқ билан шуғулланиш учун Туркияга борган. Шундан сўнг унинг хулқ-атвори ўзгарди, тез-тез жанжаллар бўла бошлади. У мендан яшириб, бошқалардан қарз олган. Шундан сўнг муносабатлар ёмонлашди. 2024 йил май ойидан бошлаб биз алоҳида яшадик. Фарзандимиз борлиги учун мен ярашишни хоҳлардим. Шунинг учун унинг олдига бориб очиқчасига гаплашиб олмоқчи эдим», — деди эркак судда.
Судда гувоҳ сифатида қатнашган марҳуманинг онаси қизи куёви билан май ойидан сўнг учрашиб юргани ва қизи июль ойида ҳомиладор бўлганини маълум қилди. У қизидан бундан куёвини ҳам хабари бор ёки йўқлигини сўрагани ва ижобий жавоб олганини айтиб кўрсатув берди. Шунингдек, у куёви нафақат қизини, балки ҳомиласини ҳам ўлдирганини айтиб, суддан умрбод қамоқ жазоси беришни сўради.
Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судининг ҳукми билан Д. Н. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган (Ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни қасддан ўлдириш) жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
