Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Март ойида Ўзбекистонда гўшт маҳсулотлари нархи ўтган ойга нисбатан 6,1 фоизга кескин ошгани қайд этилди. Йиллик нисбатда гўшт нархи 21,6 фоизга ошган. Бу ҳақда Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатига бағишланган ҳисоботида айтилади.
«Қўшни мамлакатлардаги гўшт экспортига қўйилган чекловлар оқибатида гўшт таклифининг камайиши, шунингдек, импорт нархларининг ошгани ички нархларнинг ҳам ўзгаришига сабаб бўлди», — дейди регулятор.
Гўшт нархининг ошиши озиқ-овқат секторида базавий инфляциянинг тезлашиши сабабларидан бири бўлди. Марказий банк маълумотларига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича базавий инфляция даражаси декабрь ойига нисбатан 1,4 фоиз бандга ошган.
Шунингдек, ўсимлик ёғлари нархининг ошиши қайд этилди, буни Марказий банк ушбу товарларнинг жаҳон бозорларидаги юқори нархи билан боғлади. Шу билан бирга, 2024 йилда мева-сабзавот бозоридаги дефляция нархларнинг умумий ўсишини тўхтатиб турган бўлса, 2025 йилда тескари тенденция кутилмоқда — мева-сабзавот гуруҳи инфляцияга оширувчи таъсир кўрсата бошлаши мумкин.
Гўшт нархининг ошиши фонида Қозоғистон аввалроқ олти ойга наслли қорамол ва майда қорамол экспортини чеклаганди.Тақиқ 2024 йил 14 сентябрдан 2025 йил 14 мартгача амал қилган, 9 апрелдан бошлаб у яна ярим йилга узайтирилди.
Шу билан бирга, Қозоғистон чорвадорлари кейинчалик экспортдан даромад олишларига йўл қўйилмаганидан шикоят қилди, чунки экспортга тақиқ киритилгач, маҳсулот сотиш имкониятлари чекланганди. Хусусан, Қозоғистон учун сотиш бозорларидан бири Ўзбекистон бўлиб, у ерга гўшт экспорти асосан тирик чорва молларини олиб чиқиш шаклида амалга оширилган.
Қирғизистон ўтган йили Ўзбекистон туфайли гўшт экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилганди. Мамлакат гўшт нархининг кескин ошишини Ўзбекистонга ушбу маҳсулот экспортининг кўпайиши билан боғлаган.
Қирғизистон 31 январдан бошлаб учинчи давлатларга қорамол, майда шохли моллар ва отлар экспортини вақтинча тўхтатган. 29 январь куни депутат Жанар Акаев Ўзбекистонга ҳафтасига 15−20 минг бош чорва моллари олиб кетилаётгани, Ветеринария хизмати ходимлари ҳар бир ҳайвондан гўёки идора раҳбари учун 100 сомдан (деярли 15 минг сўм) пул йиғаётганини маълум қилган. Ўшанда у Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан вазиятни ўрганишни сўраган.
Кейинроқ Ветеринария хизмати депутатнинг баёнотини асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган деб атади. Идора, шунингдек, депутатнинг аризаси бўйича ички текширув бошланганини маълум қилди.
Гўшт импорти рекорд даражада ошмоқда
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўрт ойида Ўзбекистон гўшт маҳсулотлари импортини 197,1 миллион долларгача оширди, бу ўтган йилнинг январь-апрель ойларига нисбатан 66,3 фоизга кўпдир.
Етказиб беришнинг катта қисми мол гўштига тўғри келди — 156,2 млн доллар (+86,8 фоиз), физик кўринишда импорт 78,8 фоизга ошиб, 21,5 минг тоннадан 38,7 минг тоннагача етди.
Товуқ гўшти импорти ҳам 24,8 фоизга ошиб, 18 минг тоннагачани ташкил этди, қиймат жиҳатидан бу кўрсаткич 22 миллион долларни (+33,6 фоиз) ташкил этди.
Қўй гўшти етказиб бериш 2,8 баробарга ошиб, 6333 тоннагача етди ва 6,5 миллион долларни (+1%) ташкил этди.
Апрель ойида Ўзбекистон жами 58,9 млн долларлик гўшт маҳсулотларини импорт қилган. Шундан 47,7 млн доллар мол гўштига тўғри келди — бу янги рекорд: март ойида 40,2 млн долларлик мол гўшти импорт қилинган. Ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан қорамол гўшти импорти 1,91 баробарга ошган.
Импорт қилинган мол гўштининг ўртача нархи 1 кг учун 4,06 долларни ташкил этди (ўтган йили — 3,93 доллар).
Товуқ гўшти (1,27 баравар) ва қўй гўшти (1,29 баравар) импорти ҳам ўсишда давом этмоқда.
Товуқ гўштининг ўртача нархи ўзгаришсиз қолди — 1 кг учун 1,1 доллар атрофида. Шу билан бирга, импорт қилинадиган қўй гўштининг ўртача нархи кутилмаганда 2,76 доллардан 0,73 долларгача пасайди.
Расмий статистикага кўра, биринчи чоракда мамлакатда гўшт ишлаб чиқариш 3,6 фоизга ошиб, 564,1 минг тоннага етган.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аввалроқ озуқа, электр энергияси ва ёқилғи-мойлаш материаллари нархининг ошиши гўшт таннархи ошишининг асосий омиллари экани ҳақида хабар берганди.
Ўзбекистон гўшт нархи бўйича МДҲда етакчилар қаторида
Numbeo халқаро сервиси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 22 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда бир килограмм мол гўштининг нархи 8,33 АҚШ долларини (қарийб 107 минг сўм) ташкил этмоқда. Қўшни давлатларда нархлар пастроқ: Қозоғистонда — 7,31 доллар, Қирғизистонда — 7,84, Тожикистонда — 7,78.
Арманистонда мол гўшти нархи ўртача 12,08 долларни ташкил этади, Россияда — 9,97, Озарбайжонда — 9,89, Молдовада — 8,48, Украинада — 6,76.
Мол гўшти энг қиммат бўлган давлатлар бешлигига Швейцария, Исландия, Жанубий Корея, Норвегия ва Люксембург кирди. Рейтингда Швейцария етакчилик қилмоқда — у ерда гўштнинг бир килограмми 48,13 доллар туради. Исландияда — 41,79 доллар, Жанубий Кореяда — 29,48, Норвегияда — 29,13, Люксембургда — 25 доллар.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
