Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Тошкентдаги Бўрижар каналининг Яккасарой тумани «Ракатбоши» маҳалласидан оқиб ўтувчи қисмида 5 май куни фуқаро Абдуманноп Самиқов чўкиб кетди. 43 ёшли эркак сувда оқиб кетаётган шу маҳаллада яшовчи қизалоқлардан бирини қутқариш учун каналга тушган ва бу фожиа билан якунланган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Бўрижар канали бўйидаги қурилиш жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани мазкур фожиага сабаб бўлган. «Газета.uz» марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашиб, воқеани ўрганди.
Фожиа қандай рўй берганди?
Марҳум Абдуманноп Самиқовнинг рафиқаси Сурайё Маҳкамова воқеа тафсилотлари ҳақида гапираркан, аслида сувга икки қизалоқ тушиб кетгани, улардан бирини қўшниси қутқариб қолгани, турмуш ўртоғи эса иккинчи қизга ёрдам бериш учун ўзини каналга отганини айтди.
«Қизлардан бирининг қўшниларимга айтишича, 5 май куни соат 18:00 ларга яқин шу маҳаллада яшовчи етти-саккиз ёшлардаги уч қизалоқ канал қирғоғига тушган. Улардан бири канал четига яқинлашиб, оёқларини ҳўллаб олмоқчи бўлганида сирпаниб, сувга тушиб кетган. Оқим қизчани канал марказига оқизиб юборган. Дугонасига ёрдам бермоқчи бўлган бошқа қиз ҳам сувга сакраган. Оқим уни ҳам канал қирғоғи бўйлаб пастга оқизиб ташлаган. Шундан сўнг болалар ёрдамга чақира бошлаган. Канал четида оқиб кетаётган қизчани қўшним Дарья Грапиненкова қутқариб қолишга эришди. Бошқа бир қизалоқнинг сувда оқиб кетаётганини турмуш ўртоғим кўриб қолган ва сувга сакраган», — дейди аёл.
Абдуманноп Самиқовнинг 17 ёшли ўғли Саидакбар Абдувалиевнинг ҳикоя қилишича, фожиа соат 18:30 лар атрофида юз берган.
Саидакбар Абдувалиев.
«Ўша куни онам иккимиз уй ичида, дадам ва 4 ёшли укам эса ҳовлида эди. Кўчадаги оғайнимнинг ёнига чиқиш учун тайёргарлик кўраётган вақтим ташқаридан „Бола чўкяпти“, деган овоз эшитилди. Биз укам пастга тушиб кетди ва унга нимадир бўлди, деган хаёлга бордик. Ташқарига чиқсак, укам ўйнаб ўтирибди, дадам эса „Сувда бола чўкяпти, бола оқяпти“, дея канал томон югурди. Мен уларнинг орқасида чопдим. Дадамга етаман дегунимча, ўзини сувга отиб, қизчани маҳкам қучоқлаб олди», — дейди у.
«Қиз хушини йўқотмаган эди, бақирган овозда сувда оқиб келаётганди. Шок ҳолатда бўлганимиз учун айнан нималар деганини эслай олмайман. Дадам чарчаб, ҳолсизланиб қолганидан гапиролмасди. Уларга таёқ узатдим, аммо иккисининг ҳам қўли етмади», — дея эслайди Саидакбар.
Унинг айтишича, шундан сўнг эркак ўғлига арқон олиб келишни буюриб, қизчани маҳкам ушлаб олганча, сувда оқиб бораверган. Ўсмир арқонни олиб келишга улгурмаслигини тушуниб, ўзини каналга отган.
«Сувга сакрагач, дадамдаги қизни қўлимга олдим. Дадам зўр сузарди, менга ҳам сузишни улар ўргатганди. Шу сабабли ўзини ўзи эплайди, деган ишонч кучли эди. Учаламиз ҳам сувда оқиб борардик. Рус аёл қўшнимиз бизга ёрдам беришга қаттиқ ҳаракат қилди. У йўлидан чиқиб қолган тўсинни сувга улоқтирди. Мен ва қизча унга илиниб олдик. Атрофдагиларнинг ҳам хаёли бизда эди, мен ҳам қизни қутқарсам бўлди, дадам ўзини эплайди, деган хаёлда эдим. Ўша пайтда отамга қарасам, нафас олиш учун сувдан бошини чиқарди-да, яна сувга шўнғиди ва ғойиб бўлди. Бу уни охирги кўришим эди. Бундан эса қўрқиб кетдим ва ёрдам беринглар, дея бақира бошладим», — дейди у.
Ўсмирнинг қайд этишича, воқеа содир бўлган жойдан 150 метр узоқликдаги «Барқарор» отхонасининг икки ходими арқон билан етиб келган. Улар ёрдами билан Саидакбар ва қизча сувдан чиқариб олинган.
«ФВВ ходимлари кеч етиб келди»
Саидакбар Абдувалиевга кўра, қўшнилар қўнғироғидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай, маҳалла инспектори воқеа жойида кўриниш берган. ФВВ ходимлари эса тахминан 40 дақиқадан кейин етиб келган.
«Улар каналнинг икки тарафига тўрт нафардан бўлиниб туришди. Қутқарувчилар қани, десак, сувга тушяпти, дейишди. Лекин сувда ҳеч кимни кўрмадик. Канал охирида тўғон бор, дадам ўшанга тушиб кетмасин, деган қўрқувда эдик. Аммо ФВВ вакиллари сув секин оқади, тўғонгача боришга улгурмайди, деган фикрни миямизга сингдиришди. Оқим кучли бўлса ҳам [одам] сувни тагида секин оқади, деган фикрларни айтишди. Биз ҳам, қариндошлар ва оғайниларим ҳам каналнинг Муқимий кўчасигача бўлган қисмида бирорта қутқарувчини кўрганимиз йўқ. Фақат сувнинг тепасида, яъни канал қирғоғида юришди холос», — дейди Саидакбар Абдувалиев.
Унинг эслашича, орадан тўрт соат ўтиб, чамаси 23:00 ларга яқин эркакнинг жасади 16-шаҳар шифохонасининг орқа томонида (собиқ Пионер кўчаси, ҳозирги Арнасой кўчаси ҳудудида) — тахминан 4 км масофада топилгани ҳақида хабар келган. «У ерга дарров етиб бордик. Аммо кириш мумкин эмас, дейишди ва жасадни ўша заҳоти моргга олиб кетишди», — дейди ўсмир.
Сурайё Маҳкамова ҳам ФВВ ходимлари воқеа жойига салкам бир соатда етиб келганини таъкидлади.
«Улардан нега сувга тушмаяпсизлар, деб сўрасам, махсус ходимлар келади, деб жавоб қайтаришди ва мендан турмуш ўртоғимнинг исм-фамилияси, ёши, яшаш манзили ва бошқа маълумотларини сўрай бошлашди. Ҳеч ким ўзини сувга отгиси келмасди. Атрофдаги одамлар ҳам ҳайрон бўлиб, томоша қилиб турарди. Турмуш ўртоғим сув юзида кўринармикан, деб уни ўғлим, мен ва маҳалла инспектори учаламиз қидирдик холос. Орадан анча вақт ўтиб, ФВВнинг махсус қутқарув ходимлари келди. Тўрт соатдан кейин жасад топилди, деган хабар эшитдик. Унгача — кун ёруғлигида ФВВ ходимлари ҳам жиддий қидирув олиб бормади, ҳафсала билан иш қилишмади», — дейди у.
«Ўғлимга сертификат ва 500 минг сўм беришди»
Фожиадан сўнг ҳукумат томонидан оилага қандай ёрдам берилганига қизиқиб, савол берарканмиз, «Ҳеч ким хабар ҳам олмади, нима бўлди, деб ҳол-аҳвол ҳам сўрамади, ҳеч ким ҳеч қандай ёрдам ҳам бергани йўқ. Фақат Саидакбар қизни сувдан олиб чиққани учун, деб мактабда унга сертификат беришибди ва маҳалладан 500 минг сўм пул ўтказишди. Хўжайиним учун ҳеч ким ҳеч нарса қилгани йўқ», — дея изоҳ берди Сурайё Маҳкамова.
«Орган ходимлари, маҳалла инспектори ўша кунлари келишди, сувга тушиб кетган қизчанинг уйига бордик. Участка нозири иштирокида воқеа ҳақида тушунтирилди, гаплашилди. Ундан сўнг бу мавзуда умуман бирор орган ходими билан гаплашганимиз йўқ. Тергов учун ҳам бирор жойга чақириб, суҳбат қилишмади», — дейди Саидакбар Абдувалиев.
«Каналга тушган одамнинг чиқиши учун шароитлар қилинмаган»
Она-боланинг таъкидлашича, воқеадан кейин ҳам Бўрижар канали бўйидаги қурилиш майдонида хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмай, жараёнлар давом эттирилмоқда.
«Каналнинг уйимиз тўғрисидаги қисми, яъни турмуш ўртоғим сувга сакраган ва у чўкиб кетган жойларнинг фақат бир томонига сетка ўрнатиб кетишди. Улардан олдин ёки кейин ҳам, орасида ҳам сеткалар йўқ. Қизлар оқиб келган тарафда ҳам ҳеч нарса йўқ. Ўрнатилган сеткалар шамол бўлганида учиб кетяпти», — дейди аёл.
«Ўша куни қизлар оёқ ювмоқчи бўлган ва сирпаниб сувга тушиб кетган, сўнг шу фожиа рўй берди. Ҳар хил болалар бор, турли вазиятлар бўлиши мумкин. Бундай каналларнинг қирғоғини тўсиш керак. Шунингдек, сувга тушиб кетган одам у ердан мустақил чиқиши учун ҳар 100 ёки 200 метрда зиналар ўрнатилиши шарт, деб ўйлайман. Каналга тушган одам у ердан ўзи чиқа олмайди. Бу каналнинг бирор қисмига зина ёки ушлаб чиқиш учун нимадир қўйилганини кўрмадим, хавфсизлик чоралари умуман йўқ. Агар канал қирғоғида ушлаш учун нимадир бўлганида, турмуш ўртоғим бемалол чиқа оларди. Қурган одамларнинг ўзини ҳам шу каналга тушириш керак, кейин сувдан чиқа олармикан?», — дейди Сурайё Маҳкамова.
Саидакбарнинг сўзларига кўра, канал маркази тахминан 6 метр чуқурликда бўлса, унинг икки чеккаси сирпанчиқ ва сувдан чиқа олишга шароит йўқ.
«Сузишни биладиган ёши катта одам ўзини сувга тайёрлаб тушган тақдирда ҳам мустақил равишда у ердан чиқа олмайди. Чиқиш учун ҳеч қандай шароит қилинмаган. Ўша куни дадам салкам 400 метр сузди. Мисол учун, ҳар 50 ё 100 метрда зина қурилганида ҳам улар ўша вақтда чиқа оларди. Сувда битта жойда туришга, ниманидир ушлаб, талпинишга шароит йўқ. Қўшнимиз бизга тўнка отгунича қиз билан анча қийналдим. У қизча ҳам қўрққанидан елкамга осилди, унинг оғирлиги тушиб, мен ҳам сувга чўкиб кетиб, ўзимни эплолмай қолдим. Сувнинг таги сирпанчиқ. Оёқда тик туриб, ўзингизга шароит қилиш имкони йўқ. Агар сизга ташқаридан кимдир ёрдам бермаса, сувдан умуман чиқиб бўлмайди», — дейди ўсмир.
Олти фарзанд отасиз қолди
Сурайё Маҳкамованинг қайд этишича, мазкур фожиадан сўнг олти нафар фарзанд отасиз қолди.
«Хўжайинимнинг ҳам, менинг ҳам иккинчи турмушимиз эди. Уларни биринчи турмушидан 3 фарзанди, менинг эса биринчи турмушимдан 2 фарзандим бор. Оила қурганимиздан кейин ўғил кўрганмиз, у ҳозир 4 ёшда. Ўғлим фақат дадам, дадам, деб йиғлаяпти, жуда қийналяпти. Боғчада ҳам роса йиғлаяпти экан. Дадасини жуда яхши кўрарди, кўп вақтини бирга ўтказарди. Ўғлим кичкиналиги учун бу нарсаларни англаб етмаётгандир. Лекин йиллар ўтиб, дадаси бир қизчани қутқараман, деб жонини фидо қилгани ва қаҳрамонларча ҳалок бўлганини тушуниб етса керак. Лекин ҳозир уни эплаш қийин кечяпти», — дейди у.
Фото: Оилавий архивдан.
«Ҳамма бу одам қаҳрамон, бир инсонни қутқараман деб шаҳид кетибди, деяпти ва ҳақига дуолар қиляпти. Ўзи жуда яхши, ҳалим одам эди. Инсон бир киприк қоққунча йўқ бўлиши мумкин, деган гап жуда ҳам тўғри экан. Шу киприк қоққунимизча кўз олдимизда сувда ғойиб бўлди. Сувга нур каби тушиб кетди, кўз олдимда ўша манзара қолди (йиғлайди)», — дейди марҳумнинг турмуш ўртоғи Сурайё Маҳкамова.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди




