Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон тўртта қўшимча автомобиль ўтказиш пункти орқали бўш юк транспорти ва ҳаракатига рухсат бериши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
22 май куни Олмаота шаҳрида Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов Қозоғистон Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси раҳбари Жандос Дуйсембиев билан учрашди.
Томонлар бундай тоифадаги транспорт воситаларининг «Оқ олтин» — «Целинний» ва «Малик» — «Сирдарё» назорат-ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишини ташкил этиш Ўзбекистоннинг «Яллама,» «Нажимов» ва «Сирдарё» каби ортиқча юклама бор пунктларида, шунингдек, Қозоғистоннинг чегарадош постларида юклама ва навбатларни сезиларли даражада камайтириш имконини беришини таъкидлади.
Икки давлат ўртасида товар айирбошлашни кенгайтириш бўйича тасдиқланган дастурга кўра, 2030 йилга бориб ўзаро ташқи савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Шу муносабат билан мамлакатлар божхона хизматлари чегарадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун «яшил йўлак»ни жорий этиш ва ўтказиш пунктларида навбатларни самарали бошқариш ниятида.
Ўзбекистон июнь ойидан чегара божхона постларида «Электрон навбат» тизимини босқичма-босқич жорий этишни бошлайди. Бу механизм биринчи бўлиб Қозоғистон билан чегарада жойлашган «Навоий» постида ишга тушади.
Шунингдек, томонлар божхона хизматлари ўртасида ахборот алмашинувини кенгайтириш, жумладан, йирик инспекция комплексларидан олинган сканерланган тасвирларни узатиш, чегарани кесиб ўтаётган енгил автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни алмашишнинг техник шартларини муҳокама қилди.
Музокаралар мавзуларидан бири икки мамлакат божхона хизматлари ваколатхоналарини ташкил этиш, шунингдек, ўтказиш пунктларини жадал реконструкция қилишни ўз ичига олган янги Ҳамкорлик режаси лойиҳасини маъқуллаш бўлди. Хусусан, «Ғишткўприк» ва «Довут ота» назорат-ўтказиш пунктларидаги ишларни якунлаш, «Сирдарё» постини тўлиқ реконструкция қилиш режалаштирилган.
Идоралар раҳбарлари маълумотлардаги тафовутларни бартараф этиш учун ўзаро савдо тўғрисидаги статистик маълумотлар алмашинувини такомиллаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Божхона лабораториялари ўртасидаги ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида божхона маъмуриятчилиги соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган учта битим имзоланди.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун қўшимча 4 та савдо йўлаги очишни режалаштираётгани хабар қилинганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди

