Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Фото: ДХХ
Фуқароларни ИИОга ишга киритиб қўйиш учун 2 минг доллардан олаётган Тошкент шаҳри Адлия бошқармаси алоқа оператори ва Қарши шаҳри Қўриқлаш бошқармаси ходими қўлга тушди.
Ҳудудларда ички ишлар органларига ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахслар қўлга олинди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Адлия бошқармасида алоқа оператори лавозимида ишловчи 33 ёшли шахс Хонқа туманида яшовчи фуқарони ўзининг мансабдор танишлари орқали ички ишлар органларига пул эвазига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
У, шунингдек, лавозимларнинг мавқеи ва мансабига қараб нарх белгилаб, оддий аскарлар таркибидаги лавозимларга киритиб қўйиш учун 1500 доллар, офицерлар таркибидаги лавозимларга ишга қабул қилиш учун эса 2000 доллар талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда адлия ходими воситачи орқали 1900 доллар ва 1 млн 295 минг сўм олган вақтида ушланган.
Қашқадарё вилоятида эса Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бошқармаси Қарши шаҳри бўлими ходими Косон туманида яшовчи фуқарони ўзининг мансабдор танишлари орқали вилоят ИИБга ишга киритиб қўйишини айтган. Эвазига 2000 доллар олган вақтида қўлга тушган.
Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (Пора беришда иштирок) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
