Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Видеодан кадр
Ливерпуль шаҳрида автомобиль «Ливерпуль»нинг Англия Премьер-лигасидаги ғалабаси шарафига уюштирилган парадда мухлислар орасига кириб борди. Машина ҳайдовчиси — 53 ёшли маҳаллий фуқаро. Ҳодиса оқибатида 47 киши жароҳатланган, 27 киши касалхонага ётқизилган. Воқеа террор дея баҳолангани йўқ.
26 май куни автомобиль «Ливерпуль»нинг Премьер-лига чемпионлигини нишонлаш маросими пайтида мухлислар орасига кириб борди, 27 киши касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда BBC ва Reuters ёзмоқда.
Полиция маълумотларига кўра, автомобиль уриб кетиши оқибатида 47 киши жароҳатланган, 27 киши касалхонага ётқизилган, улардан тўрт нафари болалар, қолган жабрланганларга воқеа жойида ёрдам кўрсатилган. Бир нафар бола ва бир нафар катта ёшли бемор оғир аҳволда қолмоқда.
Полиция «Ливерпуль ҳудудидан бўлган 53 ёшли британиялик эркак»ни ҳибсга олганини билдирди.
Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда автомобиль мухлисларга урилганда одамлар ҳавога кўтарилгани акс этган. Машина тўхтагач, ғазабланган мухлислар унинг ойналарини синдира бошлаган.
«Биз буни алоҳида ҳодиса деб ҳисоблаймиз ва ҳозирча ҳодисага алоқадор бошқа ҳеч кимни қидирмаяпмиз. Ҳодиса терроризм сифатида баҳоланмаяпти», — дейди полиция.
Байрам муносабати билан кўпчилик ишдан бўш бўлган, юз минглаб мухлислар «Ливерпуль» жамоасининг очиқ автобусда шаҳар маркази бўйлаб саёҳат қилишларини томоша қилиш учун йиғилганди, дея таъкидлади Reuters.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди