Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: ДХХ
Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари фуқароларни ноқонуний равишда Ҳаж сафарига юбормоқчи бўлган шахсларни қўлга олди. Улар фуқаролардан 11 минг ва 12,8 минг доллар олаётганда ушланган.
Тошкентда фаолият юритувчи туристик фирма ишчилари ҳаж сафарига юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан минглаб доллар олиб, уларни алдаб келгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ахборот берди.
ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармаси ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда туристик фирмада ишловчи, 1997 йилда туғилган шахс Боёвут туманида яшовчи икки фуқарони Саудия Арабистонига ҳаж сафарига юбориш эвазига 12 800 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Дастлабки терговга қадар текширув давомида ушбу фирмада ишловчи яна икки киши — 1980 ва 1994 йилларда туғилган ходимлар ҳам фуқароларнинг ишончига кириб, уларни ҳажга юбориш ваъдаси билан пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш механизмини жорий қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Такроран ёки бир гуруҳ шахслар томонидан фирибгарлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчиларнинг икки нафарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Шунингдек, Фарғона вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланди. ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Марғилон шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро ҳажга боришига ёрдам беришни ваъда қилиб, 11 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25 ва 168-моддалари 3-қисми «а» банди (Фирибгарликка уриниш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу иш бўйича жабрланган бошқа фуқароларни аниқлаш устида ҳам иш олиб бормоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди