Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон ва Венгрия паррандачилик, балиқчилик ва картошкани қайта ишлашни ривожлантиришга келишиб олди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Будапештга ташрифи чоғида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳар йили 10−20 нафар талабани Венгрияга паррандачиликнинг замонавий йўналишлари бўйича бепул ўқитишга юбориш бўйича келишувга эришилган.
Шунингдек, у Сирдарё вилоятида Венгриянинг ZA Invest компанияси билан ҳамкорликда паррандачилик фабрикаси қурилиши бошлангани, август ойида эса яна саккизта ишлаб чиқариш объекти қурилиши бошланишини маълум қилди. Инвестициялар ҳажми 110 миллион долларга баҳоланмоқда.
Аввалроқ Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ZA Invest компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Сирдарёдаги кластер ҳудудида 130 гектар майдонга эга саккизта паррандачилик фабрикаси, инкубатор, кушхона, қайта ишлаш цехи, озуқа заводи, музлаткич ва маъмурий бинолар қурилишини хабар берганди. Лойиҳанинг қуввати йилига 16 миллион дона бройлер товуқлари ва 120 минг тонна омухта ем ишлаб чиқаришни ташкил этади.
Бундан ташқари, «энг соф балиқ генотиплари» тақдим этилган Венгрия билан Ўзбекистонга 8 турдаги сазан балиқларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. TCT Cluster 6 миллион дона турли балиқ турларини (судак, сом ва сазан) импорт қилишни режалаштирмоқда.
«Сўнгги йилларда биз Венгрия билан жуда яхши ҳамкорликни йўлга қўйдик. Мақсадимиз — Венгриянинг юқори технологияларидан фойдаланиш, илмий муассасалар билан алоқаларни йўлга қўйиш, Ўзбекистон учун муҳим бўлган соҳаларни ривожлантириш», — деди вазир.
Бундан ташқари, вазир Венгриянинг BDPST Group компанияси билан Ўзбекистонда картошкани чуқур қайта ишлаш, жумладан, саноат миқёсида чипс ва фри картошкасини ишлаб чиқариш бўйича корхона ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилди. Agrofeed компанияси билан премикслар, витаминлар ва ферментлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ZKI LTD билан эса сабзавот уруғини етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилган.
Ташриф давомида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида транспорт ва йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, логистика марказлари ва коммунал тармоқларни қуриш, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби йўналишлардаги лойиҳалар бўйича ҳам келишувларга эришилди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди