Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Дональд Трамп маъмурияти Қўшма Штатларда ўқиш учун ариза топширган барча чет эллик талабалардан ижтимоий тармоқларда текширувдан ўтишни талаб қилиш масаласини кўриб чиқмоқда — бу аввалги бундай саъй-ҳаракатларнинг сезиларли кенгайиши, деб ёзмоқда Politico манбаларига таяниб.
Қайд этилишча, бундай мажбурий текширувга тайёргарлик кўриш учун маъмурият АҚШ элчихоналари ва консуллик бўлимларига талаба визаси талабгорлари учун янги суҳбатларни режалаштиришни тўхтатишни буюрмоқда.
Агар маъмурият режани амалга оширса, бу талабалар визасини расмийлаштиришни кескин секинлаштириши мумкин. Шунингдек, бу молиявий маблағларини кўпайтириш учун асосан чет эллик талабаларга таянадиган кўплаб университетларга зарар етказиши эҳтимоли бор, деб ёзади нашр.
«Бу дарҳол кучга кирадиган бўлиб, ижтимоий тармоқларда талаб қилинадиган скрининг ва текширувни кенгайтириш режасига тайёргарлик кўриш мақсадида консуллик бўлимлари кейинги кўрсатмалар берилгунга қадар қўшимча талаба ёки алмашинув дастури иштирокчилари (F, M, ва J тоифали визалар) учун виза суҳбати тайинлаш имкониятларини амалга оширмасликлари лозим. Биз бу ҳақдаги қўшимча йўриқномаларни яқин кунлар ичида алоҳида хабар орқали юборишни кутмоқдамиз», — дейилади давлат котиби Марко Рубио имзолаган кўрсатмада.
Нашр маълумотларига кўра, Америка ҳукумати АҚШда талаба визаси учун ариза топширган барча одамларнинг ижтимоий тармоқларини мажбурий текширишни жорий қилмоқчи. Рубионинг телеграммасида талабаларда айнан қандай маълумотлар текширилиши айтилмаган, бироқ Трампнинг терроризм ва антисемитизмга қарши курашга қаратилган фармонлари тилга олинган.
Politico нашрининг қайд этишича, Трамп маъмурияти аввалроқ ҳам ижтимоий тармоқларни текшириш талабларини киритган, бироқ улар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига қарши норозилик намойишларида иштирок этиши мумкин бўлган хорижлик талабаларга қаратилганди.
Давлат департаментидаги кўплаб амалдорлар бир неча ойдан бери ўтмишдаги кўрсатмалар, масалан, кампусдаги норозилик намойишларида қатнашган талабаларни текшириш бўйича кўрсатмалар ноаниқ эканидан шикоят қилмоқда. Масалан, Х аккаунтида Фаластин байроғи суратларини жойлаштириш ўқувчини қўшимча текширувдан ўтишга мажбур қилиши мумкинми ёки йўқлиги аниқ эмас, дейди нашр.
Маъмурият университетларни, айниқса, Гарвард каби элита университетларни нишонга олиш учун турли хил қоидалардан фойдаланган, уларни жуда либерал деб ҳисоблайди ва уларнинг кампусларида антисемитизм ривожланишига йўл қўйилганликда айблайди. Шу билан бирга, у бир қатор талабаларни қамраб олган иммиграция рейдларини ўтказмоқда.
Аввалроқ АҚШ ҳукумати Гарвард университетини чет эллик талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, таълим муассасасини «зўравонлик, антисемитизмни қўзғатиш ва Хитой Коммунистик партияси билан ҳамкорлик қилиш» учун жавобгар ҳисоблаганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди