Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Жиззах вилоятининг Зомин туманида 4 та сел оқими кузатилди. Қоронғисой қишлоғи ҳудудида кузатилган сел маҳаллий автомобиль йўлини тўсиб қўйди. Ҳодиса оқибатида фуқаролар, аҳоли яшаш хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва чорва молларига зарар етмади.
27 май куни Жиззах вилоятининг Зомин туманида сел ҳодисалари кузатилди, дея хабар қилди Ўзгидромет.
Қайд этилишича, соат 12:50 дан 14:50 га қадар Зомин тумани «Дуоба» МФЙ Қоронғисой қишлоғи, «Чорвадор» ҚФЙ Жалойир қишлоғи, «Туркман» ҚФЙ ҳамда Бешбулоқ қишлоқлари юқорисида жойлашган тоғ ва адирликларида кузатилган жала ёмғирлар оқибатида Туркмансой, Жалоирсой ҳамда вақтинчалик сел йўлларидан тахминан 2 метр куб/секунддан — 7 метр куб/секундгача бўлган 4 та сел оқимлари оқиб ўтди.
Жумладан, «Дуоба» МФЙ Қоронғисой қишлоғи ҳудудида кузатилган сел оқими маҳаллий автомобиль йўлини тўсиб қўйди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳодиса жойига ФВВ, ИИВ ходимлари, маҳаллий ҳокимият ва ФВДТ таркибига кирувчи корхона, ташкилотлар куч ва воситалари етиб бориб, муҳандислик техникалари ёрдамида сел оқими оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борган.
Ҳодиса оқибатида фуқаролар, аҳоли яшаш хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва чорва молларига зарар етмаган. Автомобиллар ҳаракати қисман йўлга қўйилган.
Аввалроқ 2 июнгача Ўзбекистоннинг тўққизта вилоятидаги тоғли ҳудудларда сел келиши хавфи эълон қилинганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди