Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров 20−26 май кунлари Швециянинг Мальмё шаҳрида ўтказилган TePe Sigeman & Co супертурнирида ғолиб чиқди.
Ўтказилган ўйинлар натижасига кўра 19 ёшли Синдаров биринчи ўринни эгаллади. Шахматчи бирорта ҳам мағлубиятга учрамай, 7 турда 4,5 очко жамғарди.
Турнир давомида ўзбекистонлик ўз рейтингини яхшилаб, 3,5 очко жамғарди ва Эло рейтингига кўра 2741 (ҳозирги рейтинги 2706) кўрсаткичини кўрсатди. Онлайн рейтингда ҳам у дунёнинг энг кучли 30 нафар шахматчиси қаторига кирди.
Бундан ташқари, у Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) ҳисобида 16,17 балл олди.
Иккинчи ўрин 4 очко билан туркиялик Ягиз Каан Эрдоғмушга насиб этди. Бронзани швециялик Нильс Гранделиус олди.
10−16 июнь кунлари Синдаров Нодирбек Абдусатторов ва бошқа ўзбекистонлик шахматчилар билан биргаликда Лондонда рапид ва блиц бўйича жамоалар жаҳон чемпионатида иштирок этади.
«Мальмёда бўлиб ўтган TePe Sigeman & Co турнирида ғолиб чиқдим. Натижадан мамнунман. Энди асосий эътибор июнь ойида бўлиб ўтадиган жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионатига қаратилган. Қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат», — деб ёзди у Х’да.
30-маротаба ўтказилаётган турнирда 8 нафар гроссмейстер, жумладан, Нильс Гранделиус (Швеция), Василий Иванчук (Украина), Ричард Раппорт (Венгрия), Рэй Робсон (АҚШ), Эрвин л’Ами (Нидерландия), Тан Чжуньи (Хитой), Жавоҳир Синдаров (Ўзбекистон) ва дунёдаги энг ёш гроссмейстер — 13 ёшли Ягиз Каан Эрдоғмуш (Туркия) иштирок этди.
Турнир Швейцария тизими бўйича 7 раундда ўтказилди, вақт назорати 40 та юриш учун 90 дақиқа, сўнгра қолган юришлар учун 30 дақиқа, шунингдек, биринчи юришдан бошлаб 30 сония қўшилади.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди