Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Бойсун тумани Кофрун шаҳарчасидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конига қарашли 202-қудуқда 5 май куни такрорий портлаш содир бўлди, ижтимоий тармоқлар қудуқдан чиқаётган заҳарли газ ва баланд ёнаётган олов акс этган видиеоларга тўлди. «Газета.uz» мазкур ҳолат ҳақида бойсунликларнинг фикрларини жамлади.
Ўзи нима бўлганди?
2024 йилнинг 1 сентябрь куни Бойсун тумани Кофрун шаҳарчасидаги «Кўлқамиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конига қарашли 604-қудуқда бурғилаш ишлари вақтида «технологик жараён бузилиши» туфайли водород сульфиди (олтингугурт) гази сизиб чиққан, 2 сентабр куни эса портлаш юз берган жойга яқин Кофрун шаҳарчаси аҳолиси эвакуация қилинган эди. Айни вақтда, президент топшириғига асосан воқеа жойига бир гуруҳ масъуллар, хусусан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов етиб борган эди.
Шу кунгача газ конида бир неча бор портлашлар юз берди, улардан камида бири оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. «Газета.uz» бу портлашлар, уларнинг оқибатлари, бундай шароитда аҳолининг турмуш тарзи қандай кечаётгани ҳақида «Бойсун заволи» номли туркум репортажлар тайёрлади.
Янги портлашлар
2025 йил 27 март куни конда яна портлаш бўлди. Энергетика вазирлиги бу ҳақда ахборот бераркан, «27 март куни кеч соат 21 лар атрофида „М-25“ газ конидаги 202-сонли қудуқда водород сулфидининг назорат остидаги отилиши юз берган, табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилди», — дея маълум қилди.
«Газета.uz» 15−20 апрел кунлари Бойсундан навбатдаги репортажини тайёрлади. Унда 202-қудуқдан ҳамон газ чиқаётгани, шу боис у ёқиб қўйилганини кўриш мумкин.
24 апрель куни эса Бойсунга алоқадор Telegram-каналларда газ чиқаётган 202-қудуқнинг туйнуги ўз-ўзидан ёпилиб қолгани ҳақида видеохабарлар тарқалди. Бироқ 5 май куни соат 06:10 да 202-қудуқда такрорий портлаш юз берди.
Энергетика вазирлиги мазкур ҳолат тўғрисида шу куни соат 13:57 да муносабат билдирди (бунгача бирор расмий идора бу ҳолат юзасидан бирор ахборот бермади):
««Мустақиллик-25″ конидаги 202-қудуқда таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши ва натижада фонтанланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилди. Таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилди.
Айни пайтда барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда. Ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб қўйилган ва ҳозирги вақтда ушбу ҳудуд Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефть ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан доимий назорат қилинмоқда», — дейилади Энергетика вазирлиги муносабатида.
Вазирлик муносабатида, шунингдек, «юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмаслиги», «аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида хориждан жалб этилган мутахассислар ҳам фаолият олиб бораётгани» қўшимча қилинган.
Бойсунликлар нима деяпти?
«Газета.uz» айни ҳолат тўғрисида бойсунликларнинг ўзидан фикр олишга ҳаракат қилиб кўрди. Уларнинг айримлари исм-шарфларини ошкор этмаслик шарти билан ҳудуддаги ҳақиқий аҳвол ҳақида гапириб берди.
«Биз қўрқиб қолган воқеа яна юз берди»
Ўқитувчи
Бугун, тонг саҳар Бойсунда биз қўрқиб қолган воқеа яна юз берди: газ портлади! Орадан озгина вақт ўтиб Бойсунни газ ҳиди бутунлай қоплаб олди, газ портлаган жойга яқин мактаблар ёпилди, тез ёрдам чақирган одамларнинг ҳисоби йўқ.
Пешинга яқин газ ёқилди, лекин газ ҳиди тинмай келяпти. Ошқозонимда кучли оғриқ пайдо бўлган. Оила аъзоларим билан уйда қамалиб ўтирибмиз. Нафақат Кофрун, бутун Бойсуннинг мазаси йўқ…
«Газни очганидан кейин газнинг бошига келсин-да»
Уй бекаси
Ўзим Авлод қишлоғида яшайман. Кеча онамнинг туғилган кунига Работ қишлоғига боргандим. Бу ердан газ бизга кўриниб туради. Бугун эрталаб бомдоддан кейин сал кўзим илинибди, жуда баланд овоздан сесканиб кетдим — портлагандай бўлди. Газ кони томондан қоп-қора тутун чиқди, 1−2 соатдан кейин ҳиди жуда ўткир бўлиб келди, уйгача кирди — жуда ўткир ҳид. Ҳалигача шу газ ҳидини ҳидлаб ўтирибмиз. Бошимни айлантириб, кўнглимни айнитди. Ҳозир ҳам бош оғриғи бор менда.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Бу газ, унинг ҳиди ёш болалар, қарияларга жиддий зарар келтиради, дейишяпти, бунга аниқ изоҳ берадиганлар борми? Ҳозир халқ гапиришдан қўрқиб қолган, бирор нарса десангиз, дарров 15 суткага қамаб юборишади, лекин мана бундай ҳолларда расмийларнинг ўзи мум тишлаб ўтирибди, афсус. Газни очганидан кейин газнинг бошига келсин-да масъуллар ҳам.
«Прокуратура нега ҳалигача жиноий иш очмаяпти?»
Кароматилло Эшонқулов
Тонг саҳар соат 6:00 ларда гумбурлаш овози эшитилди. Шундан кейин Кофрун томондан чанг, қора тутун аралаш туман кўтарилди. Соат 10:00 ларга яқин жуда кучли сассиқ ҳид тарқалди. Ҳалигача бу ҳидни сезяпмиз. Ҳозир Бойсун шаҳрида юрибмиз, ҳаммамиз биттадан тиббий ниқоб олиб тақяпмиз.
Ўзимиз ҳам газ портлагани ҳақидаги хабарларни, видеоларни аввал интернетда кўрдик. Кейин газ конига бориб, ўз кўзимиз билан кўриб қайтдик — ростан ҳам охирги портлаган қудуқдан чиқаётган газни ёқиб қўйишибди. Лекин ҳиди жуда ҳам ўткир. Ундан кейин, тумандаги касалхонага ҳам бордик — «тез ёрдам»да олиб келинган одамлар қусиб ётибди.
Мени ўйлантираётган нарса шуки, Бойсунда бир эмас, бир неча марта портлаш бўлди, тўрт ишчи ҳалок ҳам бўлди, заҳарли газдан ўпкаларимиз тўлди, лекин нега ҳалигача прокуратура жиноий иш очмади? Демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлатда яшаяпмиз-ку, нега ҳамманинг хуқуқлари тенг таъминланмайди? Ёки Бойсун халқи Ўзбекистонга керак эмасми, бизлар бегонами ё? Биздан нимани яширишяпти?
Ижтимоий тармоқларда Бойсундаги сўнгги портлаш ҳақидаги видеоларнинг изоҳларида бойсунликлар томонидан қолдирилган фикрлар:





Интернетда 202-қудуқдаги портлаш акс этган видеолар, шунингдек, бойсунликларнинг газдан азият чекаётгани ҳақидаги изоҳлар ҳали ҳам тарқалишда давом этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳолига газ ҳиди сезилган вақтда кўриш зарур бўлган чоралар, тавсиялар ва маслаҳатлар берилганича йўқ.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди

