Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
8 майдан бошлаб Тошкент шаҳрининг олтита кўчасида пулли автотураргоҳлар тизими жорий этилади. Бу ҳақда 5 май куни тизим оператори ҳисобланган StreetPark Systems компанияси вакиллари матбуот анжуманида маълум қилди.
Лойиҳанинг биринчи босқичида пулли автотураргоҳлар Амир Темур хиёбони айланмаси, Истиқбол, Зарафшон, Бухоро, шунингдек, Шаҳрисабз ва Миробод кўчаларини қамраб олади. Жами автотураргоҳлар сони 680 тани ташкил этади. ҳозир ушбу ҳудудларда маълумот ёзилган пешлавҳа, 5.15.1 (Пулли тўхтаб туриш жойи) ва 3.27 (Тўхташ тақиқланган) йўл белгилари ўрнатилиб, махсус белгилар қўйилмоқда.
Белгиларга эътибор бермай тўхтаб турган машина инспекторлар ва камералар томонидан назоратга олинади.
Компаниянинг «Газета.uz»га маълум қилишича, 30 майга қадар пулли тўхташ зонаси яна 15 та кўчага кўпаяди. Июль ойи охирига қадар тизим яна 30 та кўчани қамраб олади, сентябргача эса аввалроқ эълон қилинган пойтахтдаги 86 та кўча режага кўра 13 208 та автотураргоҳ билан бирлаштирилади.

Пулли тўхташ жойлари учун тариф зоналари белгиланган. У машинанинг тўхтаб туриши соатига қараб турли миқдорларда ранглар бўйича ажратилади: қизил зона — 12 000 сўм, оловранг — 10 000 сўм, яшил — 8 000 сўм, кўк — 6 000 сўм, бинафша ранг — 5 000 сўм. Автотураргоҳ учун тўловни Poytaxt parking мобил иловаси, Paynet қурилмаси, шунингдек, Payme, Click, UzumBank ва бошқа электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин.
StreetPark Systems директори Қудратбек Ёқубовнинг сўзларига кўра, компания ишлаб чиққан мобил иловада бепул тўхташ жойларини ҳам топиш мумкин. У 10 майгача App Store ва Google Play’да пайдо бўлади.
Барча тўхташ жойларининг тахминан 5 фоизи ногиронлиги борлар учун ажратилган — бу зоналар тегишли белгилар билан жиҳозланади ва уларда рухсатсиз тўхташ амалдаги қоидаларга мувофиқ жаримага сабаб бўлади. Тез ёрдам ва шошилинч хизматлар учун тўхташ жойлари бепул хизмат қилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда пулли тўхташ жойи учун тўловни амалга оширмаганлик учун жарима тўлаш банди йўқлиги сабабли яқин вақт ичида тўхташ учун тўловни тўламаган ҳайдовчилар жаримага тортилмайди, деди компания лойиҳа раҳбари Акмал Юсупов.
Унинг сўзларига кўра, StreetPark Systems компанияси қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш киритиш бўйича Тошкент ҳокимлигига таклиф киритган. Шаҳар ҳокимлиги, ўз навбатида, бу борада қонун лойиҳаси ташаббуси билан чиқмоқда. Қонунга тузатишлар 2025 йилнинг 3−4-чорагида киритилиши кутилмоқда.
«Ҳозирда компаниянинг устувор вазифаси ҳайдовчиларга тўхташ жойи учун ҳақ тўлашни ўргатиш, уларга бу тизим нима эканини, машинани қўйиш қоидалари бўйича тушунтириш беришдан иборат», — дейди Акмал Юсупов.
Бу вазифани планшетлар билан жиҳозланган инспекторлари амалга оширади. Бугунги кунга қадар корхонада 8 нафар мутахассис тайёрланди. Ёз охиригача уларнинг сонини 50 нафарга етказиш режалаштирилган. Улар барча 86 кўчада тўхташ жойларини назорат қилишлари кутилмоқда.
Шунингдек, пулли тўхташ жойларига ўрнатиладиган стационар камералар ёрдамида тўхташ учун тўловни назорат қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, компания мобил комплекслар — камера ва махсус тизим билан жиҳозланган автомобилларни сотиб олади. Автомобиллар кўчаларни патрул қилиб, тўхташ жойи учун пул тўламаган ҳайдовчиларни аниқлайди.
Келгусида фойдаланувчилар янгиликка кўникиб қолганларида қўшимча тарифлар ва қулай вариантлар — тунги, кундузи, байрам ва дам олиш кунлари учун тарифларини жорий этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, яқин ойларда фуқаролар ўз турар жойи яқинида алоҳида шартлар асосида автотураргоҳларини қўйишлари учун резидент тарифларини жорий этишлари мумкин бўлади. Ҳозирда бу масалалар Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда ўрганиб чиқилмоқда.
Тўхташ жойлари ва тирбандликлар шаҳар муҳитининг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Пулли автотураргоҳларнинг жорий этилиши бўш жой қидиришга кетадиган вақт ва ортиқча ҳаракатлар сонини қисқартириш, айниқса, шаҳар марказида транспорт ҳолатини яхшилаш, тирбандликни камайтиришга хизмат қилиши керак, деди Қудратбек Ёқубов.
«Лойиҳанинг асосий мақсадлари кўчаларда автотураргоҳларни тартибга солиш, пиёдалар йўлакларини бўшатиш, тирбандликни камайтиришдан иборат. Бу узоқ муддатли истиқболда экологик вазиятни яхшилаш ва шаҳар аҳолисининг ҳаракатчанлигини ошириши керак», — дея қўшимча қилди у.
«Шаҳар майдони қайишқоқ эмас ва шахсий эҳтиёж ҳамда бор имконият ўртасидаги мувозанатни топиш жуда муҳим. Автотураргоҳ пулли бўлганда, ҳайдовчи ўз ўзидан ўйлашни бошлайди: рулга ўтиришми ёки жамоат транспортидан фойдаланиш», деди илгари Москва ва Алмата шаҳарларида пулли тўхташ жойларини жорий этишда иштирок этган, ҳозирда компания маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Сергей Мариничев.
Акмал Юсуповнинг сўзларига кўра, биргина пулли тўхташ тизимини ишга тушириш универсал ечим эмас, балки шаҳарнинг «нафас олишига» ёрдам берадиган воситалардан фақат биттаси. Вазиятни яхшилаш учун барча шаҳар хизматлари келишиб ишлаши зарур, деди у.
2026 йил охиригача пулли автотураргоҳлар сонини 38,6 мингтага, 2030 йилга бориб эса 84 мингтага етказиш режалаштирилган.
Пуллик автотураргоҳдан тушган даромад қаерга йўналтирилади?
StreetPark Systems томонидан 13 208 та автотураргоҳга мўлжалланган ер участкасини ижарага бериш учун ҳар йили Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига 63 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилади. Иловадан фойдаланганлик учун компания шаҳарга йилига яна 9 миллиард сўм тўлайди.
Тизим ишга тушган биринчи йилда компания Тошкент йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига 55 миллиард сўм ўтказади. Учинчи йилда эса жарима ва ҳайдовчилик интизомини жорий этиш ҳисобига бу миқдор йилига 120 миллиард сўмгача ошади. Маблағлар шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш: йўлларни қуриш ва таъмирлаш, жамоат транспортини ривожлантириш ва кўчаларни ободонлаштиришга йўналтирилади.
Тарифларни тўламаганлик учун жарима ундиришдан олинадиган ўртача даромад йилига 44 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Ушбу маблағларни тақсимлаш қонунчиликка ўзгартиришлар киритилгунга қадар ноаниқлигича қолмоқда.
Компаниянинг солиқ имтиёзлари (ҚҚС ва даромад солиғи) биринчи йилда 8,5 миллиард сўмни ташкил қилади. Келгусида бу миқдор ошиши кутилмоқда.
StreetPark Systems лойиҳани ишга тушириш учун 10 миллион доллар сармоя киритган. Маблағлар дастурий таъминот, жумладан, мобил илова, қоидабузарликларни мониторинг қилиш тизими ва давлат органлари тизимлари билан интеграцияни ишлаб чиқишга йўналтирилди. Компания шунингдек, йўл ҳаракати бошқаруви лойиҳаларини ишлаб чиқиш, асфальт қопламаси ва бордюрларни қўйиш, йўл белгиларини ўрнатиш ва видеокузатув камераларини ишлаб чиқишга сармоя киритган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди








