Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Фото: Болалар омбудсмани
Болалар омбудсмани идораси айрим ота-оналар фарзандларини тиланчиликка жалб қилишни ўзига касб қилиб олгани ва уларни ўрта таълимдан ташқарида қолдираётганини аниқлади. «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ана шундай оилалар билан иш олиб боради, уларга манзилли ёрдам кўрсатади.
Ички ишлар вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда болаларни тиланчиликка жалб қилиш каби салбий ҳолатлар тизимли равишда таҳлилий ўрганилиб борилмоқда, деб хабар қилди Болалар омбудсмани идорасининг матбуот хизмати.
Ўрганишлар болани мазкур ғайриижтимоий фаолиятга жалб қилган айрим ота-оналар тиланчиликни мунтазам равишда ўзига касб қилиб олгани, айрим оилалар ижтимоий аҳволи оғирлиги ёки иккала ота-онанинг иш билан банд эмаслигини кўрсатмоқда.
«Ачинарлиси, аниқланган кўп ҳолатларда тиланчиликка жалб қилинган болалар мажбурий бўлган умумий ўрта таълим доирасидан ташқарида қолган. Бунга йўл қўйган ота-оналарга қонунда кўзда тутилган тегишли жавобгарлик чоралари қўлланган», — дейилади хабарда.
Болаларнинг келгусида такроран тиланчиликка жалб қилинишини олдини олиш мақсадида ҳар бир ҳудудда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ушбу оилаларнинг ҳар бири билан манзилли ишлайди. Шунингдек, уларнинг ижтимоий ёрдамга бўлган эҳтиёжини ўрганиш билан бир қаторда бу ота-оналарнинг болага ғамхўрлик кўрсатиши вазиятига ҳам баҳо беради.
Хусусан, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилалар мониторинги олиб борилиб, улар учун зарурий ижтимоий хизмат ҳамда ёрдамларни ташкил этиш, муҳими эса болаларнинг таълим ҳуқуқини таъминлаш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.
Болалар омбудсмани болаларни турли шаклда эксплуатация қилинишини олдини олиш йўналишида мониторинг фаолиятини давом эттиради.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
