Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ноқонуний дори воситаларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан шуғулланган яширин цех фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
ДХХ ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида аниқланишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган шахс Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ижарага олган хонадонда ноқонуний фаолият билан шуғулланган. У ерда қалбакилаштирилган дори воситаларини ишлаб чиқарган ва уларни сотган.
Яширин цехда «Фуцис», «Просулпин», «Урсосан», «Арбидол» ва бошқа 49 турдаги жами 594 минг донадан ортиқ дори воситалари, 168 кг хомашё, этикетка, йўриқномалар, бўш қутилар, капсулалар, шунингдек, 50 дона жиҳоз, жумладан станок ва қолиплар аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.
Шунингдек, гумонланувчининг Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги яшаш хонадони кўздан кечирилганда 28 640 дона тайёр дори, турли ампулалар, суюқликлар, номсиз 18 280 дона шамчалар (суппозиторий), капсулалар, дори қутилари ва қолиплар топилган.
Текширув давомида аниқланишича, ушбу шахс дори воситаларини ишлаб чиқариш учун зарур хомашёни интернет орқали номаълум шахслардан сотиб олган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 10 миллиард сўмга баҳоланган. Аниқланишича, қўлбола дори воситалари Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятидаги дорихоналарга тарқатилган. Тезкор тадбирлар давомида уларнинг савдосига чек қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу йўналишда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган яна бир тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс ва унинг шериги — пойтахтдаги банклардан бирида ишловчи, 1996 йилда туғилган ходим инфузион тизимлар билан ноқонуний савдо қилганликда гумонланмоқда.
Улар Хитойдан олиб келинган 798 қутидаги 574 560 дона инфузион тизимларни 55,7 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди. Расмий хулоса асосида бу тиббий буюмлар яроқсиз деб топилган ва Ўзбекистон ҳудудида сақлаш, сотиш ҳамда тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланган.
Ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
