Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар бўйича видеоселектор йиғилишида соҳа сифати бўйича эътирозлар жуда кўплигини таъкидлади.
Йиғилишда мамлакатдаги ҳар ўн минг аҳолига 27 нафар шифокор тўғри келиши, бу АҚШ, Буюк Британия, Финляндия билан бир хил кўрсаткич экани айтилди. Туркия ва Канадада эса бу рақамлар 1,5 баравар кам ҳисобланади.
«Кўриб турибсиз, бизда тиббиёт ходимлари сонида ҳам, молиялаштиришда ҳам муаммо йўқ. Лекин, сифат-чи? Бу борада эътирозли саволлар жуда кўп», — деди Шавкат Мирзиёев раҳбари.
Сўнгги 7 йилда Ўзбекистонда тиббиётга ажратилаётган маблағ 6 баравар кўпайган. 2025 йилда кўрсаткич 42 трлн сўмга етган.
«Маҳалладаги бирламчи бўғин билан ихтисослашган хизматларни боғлайдиган комплекс тизим яратилди. Илгари фақат пойтахтда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологик амалиёт вилоят ва туманларда ўтказилмоқда. Биргина буйрак кўчириш амалиёти кунига 2 тадан бажарилмоқда», — дея таъкидлади давлат раҳбари йиғилишда.
«Тез ёрдам худди поликлиникадек бўлиб қолган»
Президент юқумли бўлмаган касалликлар иқтисодиётга ҳар йили 1 млрд доллар зарар келтириши ҳисоб-китоб қилингани, тез ёрдамдаги жами чақирувларнинг тўртдан бири сурункали касалликлари бор беморларга тўғри келишини айтди.
Масалан, Фарғонадаги 12 та маҳаллада ўтказилган ўрганишда ҳар 10 нафар бемордан 8 нафари оилавий шифокорни четлаб ўтиб, шифохонага ёки хусусий клиникага бораётганини айтган. Хоразмда эса беморлар оилавий шифокорни эмас, тез ёрдамни афзал кўряпти. Содда қилиб айтганда, тез ёрдам худди поликлиникадек бўлиб қолган, дейилади хабарда.
Андижон, Наманган ва Самарқанд шаҳрида поликлиника шифокори кунига 50−60 нафар беморни қабул қилаяпти. Бу ҳеч қандай тиббий стандартларга тўғри келмайди.
Шавкат Мирзиёев Бухорода оилавий шифокорлар профилактика, скрининг ва даволаш билан шуғулланиш ўрнига беморни шифохонага йўналтирувчи «диспетчер» бўлиб қолганини қайд этди. У бу масалаларни на соғлиқни сақлаш масъуллари, на ҳокимлар ўйлаб кўрмаганини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг айтишича, вилоят ва туман шифохоналарида врачлар, ўринлар, маблағларни тўғри тақсимлашда камчиликларга йўл қўйилмоқда. Касалланиш юқори бўлган Сурхондарё ва Қашқадарёда ҳар 10 минг аҳоли учун 25 та койка бўлса, Навоийда 31 та, Сирдарёда 34 та даволаниш ўрни тўғри келади.
Аҳоли сони бир хил бўлган Қўрғонтепадаги шифохонада 310 та, Наманган туманида 420 та койка бор. Оқибатда дори учун ажратилган маблағ Қўрғонтепада киши бошига 3,5 минг сўм, Наманган туманида 16 минг сўмга тўғри келяпти.
Бошқа мисол — Андижон шаҳридаги давлат шифохонасида бюджет ҳисобидаги ҳар 10 та койкага 26 нафар тиббий ходим тўғри келади. Ваҳоланки, хусусий клиникада бу ишларни 5 нафар ходим бажара олади, дейилади хабарда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
