Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистонда Тиббиёт соҳасини баҳолаш миллий маркази ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Қайд этилишича, сўнгги етти йилда тиббиёт олийгоҳларига қабул 4,5 баробар кўпайиб, йилига 25 минг нафар ёшлар ўқишга кирмоқда. Уларнинг 40 фоизи хусусий олийгоҳларда ўқимоқда. Бироқ битирув имтиҳонини олийгоҳнинг ўзи олиши, билим ва кўникмаларни баҳоловчи шаффоф тизим йўқлиги оқибатида мутахассислар етарли билим ва амалий кўникмасиз меҳнат бозорига кириб келмоқда.
Эндиликда тиббиёт олийгоҳлари ва техникум битирувчиларининг замонавий диагностика ва даволаш усулларини ўзлаштириши шаффоф тизим асосида алоҳида баҳоланади. Бу тизим ишлаётган врач ва ҳамшираларга ҳам татбиқ этилади.
Шу мақсадда Тиббиёт соҳасини баҳолаш миллий маркази ташкил қилинади. Ушбу марказга халқаро тан олинган хорижий ташкилот жалб қилинади. Давлат ва хусусий клиникалар эса аккредитациядан ўтади.
Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш вазифаси давлат ва хусусий тиббиёт олийгоҳлари, ихтисослашган марказлар ва вилоят муассасаларига берилади.
Мутасаддиларга шифокор ва ҳамшираларни тайёрлаш бўйича ягона малака талабларини ишлаб чиқиш топширилди.
Президент дуал таълим тўлиқ жорий қилиш мумкин бўлган соҳа тиббиёт эканини таъкидларкан, аммо тиббиёт олийгоҳлари қошидаги бирорта клиника уларнинг балансида эмаслиги бунга тўсқинлик қилаётганини айтди.
Мутасаддиларга Қорақалпоғистон, Фарғона ва Урганч тиббиёт олийгоҳларига молиявий мустақиллик бериш, Қорақалпоғистон, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Урганч тиббиёт олийгоҳлари клиникасини ҳам уларнинг таркибий тузилмасига ўтказиш топширилди.Олий ўқув юртларининг клиник бўлимлари тайинланган клиникалар бўлимларида тиббий ишларни назорат қилади.
Шунингдек, олийгоҳларнинг тегишли кафедралари клиника бўлимларидаги даволаш ишларини бошқаради. Тиббиёт олийгоҳлари ректорлари ўз тизимидаги клиник базаси бўлган бошқа муассасаларни ҳам таъмирлаш-жиҳозлашга масъул бўлади.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
