Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Тошкентдаги Ғалаба боғида Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбекистонликларнинг жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган жасоратини акс эттирувчи «Хотира нури» композицияси очилди. 8 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев монументни кўздан кечирди.
Баландлиги 2,8 метр бўлган ёдгорликда авлодлар давомийлиги рамзи — учиб кетаётган иккита қуш тасвирланган. Ғалаба боғининг бош архитектори Гулшоира Магаметова композициянинг лойиҳа ечимини ишлаб чиққан. Ҳайкалтарош ва концепция муаллифи — Тошкент архитектура-қурилиш университети профессори, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Марина Бородина. Ёдгорликдаги QR код орқали «Хотира нури» китобини юклаб олиш мумкин.

«Ушбу мемориал бутун Ўзбекистондан борган фахрийларнинг ҳикоялари жамланган „Хотира нури“ китоби билан бошлаган катта лойиҳамизнинг бир қисмидир», — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева. «Хотира фақат сўзда эмас. У — ҳаракатда… Мен бу макон сукунат, миннатдорлик ва авлодларнинг чуқур алоқаси нуқтасига айланишини жуда хоҳлардим», — дея қўшимча қилди у.
Ёдгорликни яратиш учун тўқ гранит — марказда лабрадорит ва учбурчак «қанотлар» текисликларида оч кулранг тош — итальян мармари танланган, деди Марина Бородина. Стеланинг силуэти учун асос қилиб китоб варақлари кўриниши олинган бўлиб, у айни пайтда қуш тасвирини ҳам ифодалаши мумкин.
Китоб қотиб қолган маълумотларни эмас, балки доимо ўзгарувчан билимларни ўз ичига олади. Уни турли йилларда ўқиб, мазмуннинг янги қирраларини кашф этиш мумкин. Худди шундай, композицияда иккала фигура ҳам парвоз ҳаракатида, чунки ҳаёт ва унинг хотираси қотиб қолган категориялар эмас, деди ҳайкалтарош.

Ўзбекистон маданияти семантикасида қуш — ҳаёт рамзи, уни қайта тиклаш образи. У халқ орасида Семурғ ёки Ҳумо қушига берилган яратувчанлик ва бунёдкорлик кучи вазифаси билан боғлиқ бўлиб, унинг тасвири Ўзбекистон гербида ҳам акс этган. Бу авлодлар ворислигининг рамзи, ёшлар томонидан сақланадиган қурбонлар хотирасидир.
Марина Бородинанинг таъкидлашича, образ концепциясини яратишда стандарт, «қотиб қолган пойдеворлар», кубик ёки тўртбурчак шакллар ғоясидан узоқлашишга ҳаракат қилинган. Қушлар гўёки «жанг майдони»дан — ўзига хос геопластикага эга бўлган ернинг жонли заррачасидан кўтарилаётгандек туйилади. Бу, шунингдек, фожиа содир бўлган, жанглар бўлган, ўзбекистонликлар иштирок этган ернинг рамзидир.
Қушлар «қанотлари»нинг шакли учбурчаклар — фронт хатлари шакли билан боғлиқ. Қанотларнинг икки томонлама фасадларида «Хотира нури» тўпламида мавжуд бўлган баъзи оргинал матнлар ёзилган.
Пойтахтдаги Ғалаба боғи 2020 йилда очилган. У икки қисмдан иборат. Улардан бири ўзбекистонликларнинг жанглардаги иштирокига, иккинчиси республиканинг фронт ортидаги ҳаётига бағишланган. Боғ ҳудудида «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуаси ва генерал-майор Собир Раҳимовнинг қайтарилган ҳайкали ҳам жойлашган.
Куни кеча мустақиллик йилларида ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари хотирасига бағишланган Миллат фидойилари хиёбони очилди. «Бу ҳам ўзликни англаш, бу ҳам инсон қадри», — деди хиёбонга ташриф буюрган президент.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди