Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Покистон ва Ҳиндистон чегараси яқинидаги ҳаво ҳудудидан фойдаланишга қўйилган вақтинчалик чекловлар муносабати билан Uzbekistan Airways парвоз жадвалида қатор мажбурий ўзгаришлар киритилади, дея огоҳлантирмоқда компания матбуот химзати.
Мазкур ўзгаришлар Тошкент — Деҳли, Мумбай, Лаҳор, Бангкок, Куала-Лумпур, Пхукет ва ушбу шаҳарлар билан боғлиқ қайтиш йўналишларига тааллуқли. Хусусан, баъзи ҳолатларда учиш вақти ўртача 1,5 соатга ёки ундан кўпроққа ошиши мумкин.
Компания рейс бекор қилинса, йўловчиларга яқин саналарга қайта брон қилиш ёки авиабилет суммасини тўлиқ қайтариш имконияти тақдим этилишини маълум қилди. Ҳар икки ҳолатда ҳам жарималар қўлланмайди.
Шунингдек, Тошкентдан Деҳли, Мумбай ва Лаҳор шаҳарларига рейслар бўйича қўшимча маълумотлар парвозлар жадвали тўлиқ янгилангандан сўнг тақдим этилади.
«Биз йўловчиларимиз учун аниқ жадвал ва саёҳатнинг ишончли бўлиши қанчалик муҳим эканини яхши тушунамиз ва ташқи омилларга қарамасдан барқарор парвозларни таъминлаш учун бор кучимизни сарфламоқдамиз», — дейилади Uzbekistan Airways мурожаатида.
Компания мавжуд шароитда рейслар ўз вақтида амалга оширилишда давом этаётгани, бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан йўналишларда қўшимча ўзгаришлар, жадвалдаги тузатишлар ва бошқа мослашувлар бўлиши эҳтимолда ҳоли эмаслигини қайд этди.
Мазкур манзилларга сафар режалаштираётган йўловчиларга актуал жадвални олдиндан текшириш ва имконият бўлса, сафарни, айниқса, трансферли парвозлар ёки бизнес учрашувларни қўшимча вақт захираси билан режалаштириш тавсия қилинди. Компаниянинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлари орқали янгиликлардан хабардор бўлишга чақирилди.
«Йўловчилар, экипажлар ва ҳаво кемаларининг хавфсизлиги бизнинг мутлақ устувор вазифамиздир. Жаҳон миқёсидаги ўзгарувчан вазиятлар шароитида ҳам биз халқаро авиация стандартларига риоя этган ҳолда барча чақириқларга тезкор жавоб бермоқдамиз ва сафарларингиз учун максимал даражада ишончли шароитлар яратишга интилмоқдамиз», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, 7 майга ўтар кечаси Ҳиндистон Покистон ва Кашмирнинг Покистон ҳудудидаги объектларига кетма-кет ракета зарбалари берган. Покистон бунга жавобан Кашмирдаги бўлиниш чизиғига артиллериядан ўт очди ва Ҳиндистон ҳарбий самолётларини уриб туширганини маълум қилди. Ўнлаб қурбонлар ва ярадорлар борлиги маълум.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
