Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг 15 ёшли мактаб ўқувчиларининг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастуридаги иштироки атрофида муҳокамалар авж олди.
Педагог, она тили бўйича Миллий ўқув дастури муаллифларидан бири Шокир Турсун ўз Telegram каналида ўзида мавжуд маълумотларга кўра, 2025-йилги PISA тадқиқотида иштирок этиш учун танланган мактаблар рўйхатига 14 та президент мактабининг барчаси киритилганини ёзди. У буни «натижаларни сунъий равишда яхшилашга уриниш» деб атади.
Унинг фикрича, бу «репрезентативлик тамойилини бузади, чунки президент мактаблари ўқувчилари мамлакат бўйлаб ўқувчилар умумий сонининг 1 фоизи ёки ундан камроғини ташкил этади» (тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бу 0,04 фоиз — таҳр.).
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Х ижтимоий тармоғида Шокир Турсунга берган жавобида PISA тадқиқотида иштирок этиш учун 233 та мактаб тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинганини ёзди.
«Мактабларни танлаш жараёнига вазирлик умуман аралашмайди, OECD (PISA тадқиқотининг муаллифи ва ташкилотчиси бўлган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти — таҳр.) танлаб, ўтказади», — деди вазир.
«Вазирликка ҳаққоний таҳлил, натижа керак. Кўзбўямачилик эмас», — дея қўшимча қилди у ва танловда барча президент мактаблари борлигини тасдиқламади ёки рад этмади.
Вазирнинг постига жавобан фойдаланувчилар вазирликни тадқиқотга киритилган мактаблар рўйхатини эълон қилишга чақирди. Хусусан, молиячи, Bakiroo Telegram канали муаллифи Отабек Бакиров шубҳаларга энг яхши жавоб, агар бу сир бўлмаса, иштирок этувчи мактаблар рўйхатини эълон қилиш бўлишини ёзди.
Таълим соҳаси мутахассиси Комил Жалилов ўз маълумотларига таяниб, рўйхатга барча 14 та президент мактаби ва бир нечта ихтисослаштирилган мактаблар киритилганини маълум қилди. Бу ҳақда Шокир Турсун ҳам ўз манбаларига таяниб гапирган. Январь ойида мактаб таълими соҳасига ихтисослашган Xalqtalimi.info сайти 17 та президент ва ихтисослаштирилган мактаб, шунингдек, 4 та хусусий мактаб иштирок этгани ҳақида ёзган эди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати душанба куни «Газета.uz»га рўйхатда президент ва ихтисослаштирилган мактаблар борлигини тасдиқлаб, уларда ўзбекистонлик худди шундай ўқувчилар ўқиётганини таъкидлади. Вазирлик мактабларни Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг махсус бўлими танлаб олганини, вазирлик уларни таклиф қилмаганини ва таклиф қила олмаслигини такрорлади.
«PISA — бу имтиҳон эмас, илмий тадқиқот. Илмий тадқиқотда танланма репрезентативлик тамойилига жавоб бериши керак. Республикадаги мавжуд мактаблардан шарт-шароити, молиявий имкониятлари, ўқув дастури ва дарсликлари, умуман, ҳар қандай жиҳати билан умумтаълим мактабларидан тубдан фарқ қиладиган, мактаблар сони бўйича республикадаги мактабларнинг 1 фоизни тамсил қиладиган, ўқувчилар сони бўйича эса шу 1 фоизни ҳам тамсил этмайдиган президент мактабларининг барчаси PISAда қатнашиши белгиланган тасодифий танланмага кириб қолиши ҳақиқатдан ҳам тасодифми? Ва бу танланманинг репрезентативлигига қандай таъсир қилади?», — дея таъкидлади Комил Жалилов ўз постида.
Муҳокама иштирокчилари, шунингдек, танловга киритилган мактаб ўқувчиларини бошқа дарслардан озод қилиб ва уларни тайёрлашга бошқа мактаб ўқитувчиларини жалб қилиш орқали тест синовларига тайёрлаш мумкинлигини маълум қилдилар.
2022 йилда PISA тадқиқотида биринчи марта иштирок этиш натижаларига кўра, ўзбекистонлик ўқувчилар учта асосий йўналиш (ўқиш, математика ва табиий-илмий саводхонлик) бўйича ҳам, ижодий фикрлаш бўйича ҳам охирги ўнталикка кирди. Комил Жалилов «Газета.uz»да бундай натижа сабаблари таҳлилини эълон қилди ва муаммони ҳал қилиш йўлларини таклиф қилди.
«Газета.uz» PISA тадқиқоти асосчиси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) бош котибининг таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси Андреас Шляйхерга бу масаладаги саволларга жавоб беришни сўраб, хат йўллади.
PISAда иштирок этиш учун мактабларни танлаш қандай амалга оширилади
Аввалги PISA тадқиқоти 2022 йилда ўтказилган эди. Тадқиқот методологияси тавсифида айтилишича, танланма икки босқичли сифатида тузилган.
Биринчи босқичда кўникмалари тадқиқот предмети бўлган 15 ёшли ўқувчилар таълим олган мактаблар танлаб олинди. Ўша йили PISA тадқиқотида иштирок этган ҳар бир мамлакатда камида 150 та мактаб танлаб олинди. Бир вақтнинг ўзида, ҳар бир танланган мактаб билан, агар дастлаб танланган мактаб ПИСАда иштирок этишдан бош тортса, захира мактаблари аниқланди.
Иккинчи босқичда танланган мактаблар ичидан ўқувчилар танлаб олинди: 15 ёшли барча ўқувчилар рўйхати тузилди, сўнгра бу рўйхатдан тенг эҳтимоллик билан 42 нафар ўқувчи танлаб олинди (агар мактабда 42 нафардан кам яроқли ўқувчи ўқиётган бўлса, ҳаммаси танлаб олинди).
PISA техник ҳисоботига кўра, мактаблар турли белгилар бўйича тоифаларга (қатламларга) бўлинади ва ҳар бир тоифа ичида танланган мактаблар сони 15 ёшли ўқувчиларнинг умумий сонидаги ушбу тоифанинг улушига мос келиши керак.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
