Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»
АҚШ ва Хитой Дональд Трамп томонидан бошланган савдо уруши доирасида бир-бирига жорий қилган божларни 90 кун давомида пасайтириб туришга келишиб олди. Вашингтон Хитой товарларига божларни 145 фоиздан 30 фоизгача, Пекин Америка товарларига 125 фоиздан 10 фоизгача пасайтиради.
АҚШ ва Хитой савдо уруши доирасида бир-бирига жорий қилган экспорт божларини 90 кунга камайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда икки давлатнинг қўшма баёнотида айтилади.
14 майга қадар АҚШ Хитой маҳсулотларига божларни ҳозирги 145 фоиздан 30 фоизгача, Хитой эса Америка маҳсулотларига божларни 125 фоиздан 10 фоизгача туширади.
Баёнотда қайд этилишича, ҳар икки томон «барқарор, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли иқтисодий ва савдо муносабатларининг муҳимлигини» тан олади. Мамлакатлар, шунингдек, «иқтисодий ва савдо муносабатларини муҳокама қилишни давом эттириш механизмини» яратишга келишиб олди.
«Ушбу муҳокамалар Хитой ва Қўшма Штатларда ёки томонларнинг келишувига кўра учинчи давлатда навбатма-навбат ўтказилиши мумкин», — дейилади хабарда.
Женевада (Швейцария) 10−11 май кунлари бўлиб ўтган музокаралар натижасида ўзаро божларни камайтириш бўйича келишувга эришилди. Уларни АҚШ молия вазири Скотт Бессент ва Хитой бош вазири ўринбосари Хе Лифен олиб борди.
2025 йил январида ўз лавозимига киришган АҚШ президенти Дональд Трамп апрель ойига келиб америкалик импортчилар томонидан Хитойдан келадиган товарлар учун тўланадиган божларни 145 фоизгача оширди. Хитой бунга жавобан АҚШ товарларига 125 фоизли божлар жорий қилди, шунингдек, баъзи ноёб ер элементлари экспортини чеклади.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши қарийб 600 миллиард долларга етган икки томонлама савдони тўхтатиб қўйди, етказиб бериш занжирларини бузди ва Америка иқтисодиёти стагфляцияси хавотирларини келтириб чиқарди, деб таъкидлайди Reuters.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
