Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний блогер Алишер Турсунов 8 май куни Туркияда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, 10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Вазирлик қайд этишича, Алишер Турсуновнинг таъсислигидаги ахборот платформалари орқали ижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумотларда, тегишли экспертиза хулосаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид ахборот мавжуд бўлган.
Шу сабабли, унга нисбатан Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш / базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 244−3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш / базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирги кунда жиноят иши доирасида тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август ойида Мубашшир Аҳмад 2017 йилда ташкил этган Azon New Media гуруҳи (Azon.uz сайти, Azon FM онлайн радиоси, Azon TV онлайн телевидениеси) барча лойиҳаларини тўхтатганди. Шундан сўнг 2023 йил ноябрида тўрт тилда (ўзбек, рус, инглиз ва турк) фаолият юритувчи Azon Global портали тест режимида ишга туширилган.
Мубашшир Аҳмаднинг ўзи ўша йилнинг 28 декабрь куни Туркия ички ишлар тизими ходимлари томонидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган эди. Полиция уни Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирган.
Ўшанда Истанбулдаги бош консулхона Мубашшир Аҳмадга нисбатан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилганди. 2024 йил 21 февраль куни эса у депортация марказидан чиқарилган.
Турсунов 2025 йил февралда Ўзбекистон ИИВ томонидан халқаро қидирувга берилганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
