Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

ХДП раиси Улуғбек Иноятов
Фото: Қонунчилик палатаси
Халқ демократик партияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси деб эълон қилди. Партия «Тараққиёт блоки» ҳамда мазкур блок қўллаб-қувватлаётган ҳукумат дастури ва фаолиятининг бир қанча йўналишларига қўшила олмаслигини билдирди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси деб эълон қилди.
Қайд этилишича, партия сўл қанот сифатида мамлакатда ижтимоий адолат, тенглик ва бирдамлик тамойилларига асосланган демократик ижтимоий давлат барпо этишни ўз олдига устувор вазифа этиб белгилаган.
Халқ демократик партияси электорати овозини парламент ва ҳукуматга етказиш, уларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда мамлакатда кучли ижтимоий сиёсатни давом эттириш мақсадида ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси деб эълон қилди.
Парламентдаги мухолифат фракцияси сифатида партия икки ўнг партия томонидан тузилган парламент кўпчилиги — «Тараққиёт блоки» ҳамда мазкур блок қўллаб-қувватлаётган ҳукумат дастури ва фаолиятининг қуйидаги йўналишларига қўшила олмаслигини билдирди:
- иқтисодиётда давлат иштироки, стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолишга эътиборнинг пастлиги, уларни хусусийлаштириш қонун даражасида тақиқланмаганлиги;
- рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган пенсия тизимига ўтиш бўйича таклиф;
- коммунал тўловлар (газ, электр энергияси ва бошқалар) масаласида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашнинг истиқболга мўлжалланган аниқ стратегияси ишлаб чиқилмагани;
- улушли асосда уй-жой қуриш бўйича фуқаролар улушларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш тизимининг ҳанузгача яратилмаганлиги;
- аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизими жорий этилмагани (кўп маблағ топган кўп тўлаши лозим тамойилини қўллаш зарур), шу жумладан, қимматбаҳо мол-мулк учун солиқнинг (ҳашамат солиғи) жорий этилмагани;
- фармацевтика соҳасида давлат назоратининг сустлиги, маҳаллий ва хорижий дори воситалари учун энг юқори чекланган нархлар белгиланмаганлиги, шу жумладан дори воситаларининг рекламаси тақиқланмаганлиги.
«Мухолифат мақоми партияга қонун лойиҳаларини танқидий кўриб чиқиш, муқобил таклифлар киритиш ва ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш каби янги ваколатларни беради. Бу орқали партия ўз дастурининг мақсад ва вазифаларини самарали амалга ошириш электорати манфаатларини кенгроқ ифодалаш имкониятига эга бўлади», — дейилади партия боёнотида.
Аввалроқ ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» фракциялари бирлашиб, «Тараққиёт блоги»ни тузганини эълон қилганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
