Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Миллий банклараро процессинг маркази — Humo тўлов тизими оператори давлат облигациялари билан таъминланган Humo токенини чиқариш бўйича пилот лойиҳа амалга оширмоқчи эканини хабар қилди.
Ўзбекистон меъёрий ҳужжатларига кўра, токен криптоактивнинг бир тури бўлиб, у смарт контракт асосида бошқариладиган, маълум бир активга бўлган мажбуриятни ёки мулк ҳуқуқини тасдиқлаш учун мўлжалланган маълумотларнинг тақсимланган реестридаги ҳисоб бирлигидир. Таъминланган токен эса бирор-бир моддий ва (ёки) бошқа мулк билан таъминланган токен ҳисобланади.
Давлат облигациялари билан таъминланган токен барқарорликни кафолатлайди ва унинг қийматидаги ўзгаришларни нивелирлайди, дея таъкидлади компания. Токенни чиқариш ва муомалага киритиш механизми мамлакатнинг мавжуд молиявий инфратузилмасига интеграцияни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
35 миллиондан ортиқ карталар ва мамлакатнинг банк ва савдо инфратузилмаси билан кенг интеграциялашувга эга бўлган компания токенлари «транзаксиялар устидан назоратни кучайтириш, „сояли“ операциялар кўламини камайтириш ва мамлакатда нақд пулсиз ҳисоб-китобларга бўлган ишонч даражасини ошириш, шунингдек, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятини яратади», дейилади хабарда.
Ушбу лойиҳани амалга оширишда криптоактивлар айланмаси соҳасидаги миллий хизмат кўрсатувчи провайдер — Asterium компаниясини, тақсимланган маълумотлар реестрларини (блокчейн) ишлаб чиқиш соҳасидаги халқаро экспертлар — Broxus компаниясини жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа иккита технология — EVM ва TVM асосида ишга туширилиши кўзда тутилган. TVM учун технологик асос сифатида Tycho — транзакциялар қиймати бўйича юқори юкламаларни қўллаб-қувватлаш, кенг миқёслилик ва самарадорликни таъминлайдиган протоколи танланган.
Humo бошқаруви раиси Алексей Максимовнинг таъкидлашича, ҳақиқий активлар билан тўлиқ таъминланган ушбу токенни яратиш фуқаролар ишончини оширади, операцияларни соддалаштиради ва мамлакат электрон иқтисодиётининг ривожланишини тезлаштиради.
«Таъминланган Humo токенини давлат органлари томонидан қўллаб-қувватлаш, уни ҳақиқий активларга боғлаш ва тасдиқланган технологиядан фойдаланиш уни мамлакат молия тизимига интеграциялаш учун мустаҳкам асос яратади. Келгусида ушбу лойиҳа доирасида яратилган блокчейн-платформа Ўзбекистонда янги рақамли хизматларни ривожлантириш учун асос бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.
Humo ҳақида
Миллий банклараро процессинг маркази 2018 йил сентябрь ойида президент қарори билан ташкил этилган. Humo тўлов тизими ўша пайтдаги ягона процессинг маркази — хусусий тузилма бўлган Uzcard дастурий таъминотидаги катта носозликдан сўнг пайдо бўлган
2023 йилда президент қарори билан Марказий банкнинг бош ахборот марказига тегишли бўлган Humo тўлов тизимидаги давлат улуши тўлиқ ДАБАга ўтказилган. 2024 йил апрель ойида Humo хусусийлаштириладиган корхоналар рўйхатига киритилган.
2025 йил январида Humo Paynet тўлов операторига 65 млн долларга сотилгани маълум бўлди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
