Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ниҳоят кинотеатрларда жонланиш юз берди. Warner Bros. томонидан тақдим этилган «Майнкрафт кинода» ва «Гуноҳкорлар» фильмлари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди ва яхшигина касса йиғимларини қўлга киритмоқда. Marvel комикслари асосида яратилган «Чақмоқдорлар» блокбастери эса омадсизлик гирдобида қолган студиянинг келажагига озгина бўлса-да умид бағишламоқда.
Кинорежиссёр Сарвар Каримов «Газета.uz»нинг «Кинотавсия» лойиҳаси доирасида мана шу фильмлар ҳақида бафуржа ҳикоя қилади ва май ойининг премьераларига тўхталиб ўтади.
Мазкур материални қуйидаги ҳавола орқали видео кўринишида томоша қилиш мумкин:
Сиз ҳам Сарвар Каримов каби кинони катта экранларда кўришни ёқтирсангиз, мана бу ҳавола орқали сеанслар вақти ҳақида билиб олишингиз ва Afisha.uz`дан чипталар харид қилишингиз мумкин.
«Майнкрафт кинода» (A Minecraft Movie)
«Очиғини айтаман, мен „Майнкрафт“ ўйинини умуман ўйнамаганман ва бу ўйин ҳақида биладиган ягона маълумотим сиз ўйинда ҳеч кимга қарши курашмайсиз, балки ўзингизга ёққан иморатларни қуришингиз мумкин. Бу ўйин асосида фильм яратилар экан деган хабарни илк марта ўқиганимда ҳайрон бўлгандим. Чунки қандай қилиб конфликтсиз блокбастер яратиш мумкин?» — дейди режиссёр Сарвар Каримов.
Аммо бундан 20 йил олдин «Наполеон динамит» (Napoleon Dynamite) ва «Супер Начо» (Nacho Libre) комедияларини яратган ва қаергадир ғойиб бўлган режиссёр Жаред Ҳесс бу мураккаб вазифани уддалай олди. Бутун дунё бўйлаб ўйиннинг миллионлаб фанатлари кинотеатрларни ишғол этишди. Жек Блэк ҳамда Жейсон Момоа жуфтлиги уларга олам-олам қувонч бағишлади. Буни фанатларнинг ижтимоий тармоқларда айланаётган видеоларидан ҳам кўриш мумкин.
Гувоҳи бўлганингиздек, томошабинлар фильм қаҳрамонларини худди футбол мухлислари ғалаба голини олқишлагандек қарши олди.
«Бунақа эмоцияларни кинотеатрларда ҳар куни ҳам кўра олмайсиз. Шундай экан, фильм ижодкорларини бу ажойиб ютуқ билан табриклаймиз. Унутманг, барча фильмда ҳам буюк ғоя бўлиши шарт эмас. Агар фильм сизга мана шунақа ёрқин ҳиссиётларни бера олаётган бўлса, демак, бу — яхши асар. Зеро, машойихлардан бири айтганидек, фильм томошабинда ҳиссиёт уйғотиши керак, ҳар қандай ҳиссиёт, асосийси, бу ҳиссиёт зерикиш бўлмаса бўлди», — дейди Сарвар Каримов.
Унинг айтишича, фарзандлари билан кинотеатрга тушмоқчи бўлганлар учун «Майнкрафт кинода» жуда ҳам тўғри танлов бўлади.
«Чақмоқдорлар» (Thunderbolts*)
Marvel кино оламидаги бешинчи фаза доирасидаги сўнгги картина — «Чақмоқдорлар» май ойида дунё прокатига чиқди. Фильмнинг касса йиғимлари жуда яхши эмас. Аммо унинг рейтинглари анча баланд (IMDB`да 7,6). Эҳтимол, Marvel`нинг бундан олдинги фильмлари, хусусан, «Капитан Америка: янги дунё» (Captain America: Brave New World) бу қадар омадсиз чиқмаганида, «Чақмоқдорлар»нинг иши ҳам ҳозиргидан анча яхшироқ бўлган бўларди.
180 млн долларлик блокбастер ҳозирги кунга келиб 200 млн доллар атрофида пул йиға олган. Сумманинг ярми кинотеатрлар ихтиёрида қолиши ҳисобга олинса, Marvel президенти Кевин Файгининг кайфияти ҳам унча яхши бўлмаса керак.
Сюжетига кўра «Чақмоқдорлар» фильми DC`нинг «Ўз жонига қасд қилувчилар отряди» (Suicide Squad) фильмини эслатади. Бу фильмда ҳам бир гуруҳ антиқаҳрамонлар ҳукумат топшириғига биноан ўта хавфли миссияни бажаришлари шарт.
Келинг, шу баҳонада антиқаҳрамон тушунчасига ойдинлик киритиб оламиз. Ҳар қандай ҳикоя бош қаҳрамондан бошланади. Ишонмасангиз, эртакларни эслаб кўринг: «бир бор экан, бир йўқ экан, қадим-қадим замонда чол ва кампир бўлган экан» ёки «бир куни афанди эшагини миниб йўлга чиқибди».
Кўриб турганингиздек бош қаҳрамон ҳар доим ҳикоя аввалида келади. Соҳа мутахассислари тилида кино бош қаҳрамони протагонист деб аталади. Протагонист одатда ижобий хислатларга эга бўлади. Аммо баъзан салбий характерга эга бўлган персонаж ҳам бош қаҳрамон бўлиши мумкин. Айнан мана шундай салбий бош қаҳрамон антиқаҳрамон деб аталади.
Антиқаҳрамонни антагонист, яъни бош қаҳрамоннинг рақиби билан адаштирмаслик керак. Сериал ва кинолардаги антиқаҳрамонларга Уолтер Уайт, Жокер, Ҳарли Квинн, Декстер, Доктор Ҳаус, Майкл Корлеоне, Тони Монтана, Пабло Эскобар, Саша Белий ва Локини мисол қилиб келтириш мумкин.
Ўзбек киносидаги энг ёрқин антиқаҳрамон бу, албатта, «Шайтанат» оламининг асосий вакили — Асадбек ҳисобланади. Кўриб турганингиздек бу қаҳрамонларнинг аксарияти жиноятчилар ёки жиноятчи бўлмаса ҳам жуда оғир характерга эга персонажлар саналади.
Нима сабабдан сўнгги йилларда одамлар мана шундай мураккаб қаҳрамонларнинг ҳаётини кузатишни истаётгани алоҳида катта мавзу дейиш мумкин. «Кинотавсия» лойиҳасининг томошабинларига қизиқ бўлса, унинг кейинги сонларидан бири айнан шу мавзуга бағишланади.
«Гуноҳкорлар»
Майкл Бакари Жордан жуда ҳам яхши актёр. Унинг ижросини катта экранда томоша қилиш доимо мароқли. Бундан-да мароқлироқ иш — Майкл Жорданнинг иккита персонажни бир вақтнинг ўзида гавдалантирганини томоша қилиш бўлса керак. «Гуноҳкорлар» ҳоррорида маҳоратли актёр эгизак ака-укалар: Смок ва Стек ролларини ижро этади.
«Фильм воқеалари 1932 йилда Миссисипи штатида атиги бир кунда содир бўлади. Очиғини айтаман, менга бундай фильмлар ёқади», — дейди Сарвар Каримов.
Фильмда ака-ука Смок ва Стек Чикагода катта миқдорда пул ўмариб, ўзи туғилиб ўсган шаҳарчага қайтиб келган бўлади. Уларнинг мақсади — қора танли аҳоли учун янги мусиқий бар очиш. Бунинг учун эгизаклар бир қариядан кушхона ҳамда унинг атрофидаги ҳудудни харид қилишади. Улар хонанда жияни Семмини шерикликка олиб, шу куннинг ўзидаёқ барнинг очилиш маросимини ўтказади.
Очилиш маросимида Семми қўлидаги гитараси билан ажойиб блюз куйлайди. Бу мусиқа оҳанглари нафақат одамларни, балки шу атрофда изғиб юрган вампирларни ҳам ўзига жалб қилади.
«Фильм менга Квентин Тарантино ҳамда Роберто Родригес томонидан яратилган „Тундан тонггача“ (From dusk till dawn) картинасини эслатиб юборди. Бу классик фильм ҳам иккита бир-бирига ўхшамаган жанрлар қоришмасидан иборат. Яъни икки соатлик фильмнинг биринчи ярми жиноят ҳақида ҳикоя қилувчи криминал драма бўлса, иккинчи ярмида даб-дурустдан қонли ҳоррорга айланиб кетади», — дейди Сарвар Каримов.
«Гуноҳкорлар» фильмининг ижодкорлари ҳам айни шу йўлдан борган. Умуман олганда, бу асар АҚШнинг қора танли аҳолиси учун оғриқли мавзулар — қулчилик ва ирқчилик ҳақида сўз юритади. Ҳоррор жанри эса бундай қийин мушоҳадалар учун жуда қулай восита саналади.
«Фильмни кўрмаган бўлсангиз, унда тавсия қиламан. Лекин огоҳлантириб қўяй, фильм рейтинги 18+. Унда очиқ ва қонли саҳналар мавжуд. Аммо ҳоррорларни севувчилар учун бу яхши танлов бўлади», — дейди Сарвар Каримов.
Май ойидаги премьералар
Тез орада катта экранларга бир эмас, иккита оилавий фильм чиқади. Уларнинг биринчиси — A24 студияси томонидан тақдим этилаётган «Очи ҳақида афсона» (The Legend of Ochi). Айтишларича, фильм Стивен Спилбергнинг шедеври — «Ўзга сайёралик» (E.T. the Extra-Terrestrial) руҳиятидаги фильм бўлар эмиш.
Яна бир фильм Disney студияси томонидан тақдим этилаётган — «Лило ва ститч». Эҳтимол, сиз унинг мултфильмини кўргандирсиз. Ҳар икки фильмда ўзга сайёраликлар ва ёш болалар ўртасидаги дўстлик ҳақида ҳикоя қилинади. Мабодо фарзандларингиз билан кинотеатрга тушмоқчи бўлсангиз, шу икки фильмдан бирини томоша қилишингиз мумкин.
Май ойининг энг кўп кутилаётган премьераси — «Уддалаб бўлмас топшириқ: якуний тўлов» (Mission: Impossible — The Final Reckoning) фильми. Бу гал Итан Ҳант ва унинг дўстлари бутун инсониятга хавф солаётган сунъий интелектга қарши курашар экан.
«Нима ҳам дейиш мумкин? „Уддалаб бўлмас топшириқ“ франшизаси 30 йилдан буён биз билан бирга. Шахсан ўзим бу франшизани жуда ҳам яхши кўраман ва унинг ҳеч қайси бир қисмини қолдирмай томоша қилиб келганман. Ўзим учун 1- ва 3-қисмлар энг севимлилари. Том Круз 62 га кирганини ҳисобга олиб, айнан шу қисм франшизани якунлаб бериши мумкин. Чунки буёғига актёр самолётлардан сакраб, мураккаб саҳналарни ўзи ижро этишга қийналса керак», — дейди Сарвар Каримов.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
