Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Президент қарори билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев пайшанба куни мактаб таълими бўйича йиғилишда болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича кўп ишлар қилинаётгани, бу борада алоҳида қонун ҳам қабул қилинганини қайд этди.
«Тўғри, бугунги кунда ёшлар маънавияти билан ҳамма шуғулланяпти. Лекин зарарли ахборотларга қарши тура оладиган миллий контент яратиш, уларнинг тарғиботи, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича профессионал ташкилот йўқ», — деди президент.
Янги ташкил этилган марказ болалар тарбияси ва соғлиғига салбий таъсир қиладиган ахборот маконидаги контентни таҳлил қилади. Маҳаллий ижодкорларга миллий контент яратиш бўйича буюртма беради, соҳада кадр тайёрлашни ташкил қилади. Қори Ниёзий институти марказга илмий жиҳатдан кўмаклашади.
Шу билан бирга, бу масалалар фақатгина битта марказнинг иши бўлиб қолмаслиги, масъул барча вазирликлар марказ билан ишларни бошлаши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Болалар контентини ривожлантириш марказига директор этиб таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов тайинланди.
Йиғилишда саноқли кунлардан кейин 6 миллиондан зиёд ўқувчи ва 1 миллиондан ортиқ талаба таътилга чиқиши таъкидланди. Ёз ойларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга экани кўрсатиб ўтилди.
Президент барча ҳокимлар ва таълим соҳаси раҳбарларига ёзги таътил вақтида барча таълим муассасаларининг спорт майдончаси ва ўқув хоналарида ёшлар учун спорт, фан ва касб тўгаракларини очишни топширди.
Масалан, ўзлаштириш даражаси паст мактабларга оқсаётган фанлар бўйича энг яхши мутахассислар жалб қилиниб, ўқувчилар учун ҳафтасига олти соатлик ўқув курслари ташкил қилинади.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш учун 900 га яқин театр, маданият марказлари ва концерт заллари, ҳудудларда 1,5 мингга яқин спорт майдончалари, 200 та оромгоҳ, 2 мингдан ортиқ туризм объектлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Мирзиёев мутасаддиларга жойлардаги амфитеатр ва сайилгоҳларда ҳар куни концерт ва мусиқа кечалари ўтказиш, маданият ва истироҳат боғларида санъат кўргазмалари, шеърият кечалари ва интеллектуал ўйинлар ташкил этишни топширди.
Пойтахтдаги Янги Ўзбекистон боғи ва паркларда ҳар куни очиқ осмон остида концертлар уюштирилади. Бу ишларни спорт соҳасида ҳам ташкил қилиб, 6 миллион ёшларни қамраб олишга кўрсатма берилди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
