Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Тармоқларда Шайхонтоҳур туманидаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳудудидаги дарахтлар кўчирилаётгани, унинг ўрнида эса кўнгилочар дам олиш маскани қурилиши ҳақида хабарлар тарқалди. «Газета.uz» мазкур ҳолат бўйича масъуллар билан суҳбатлашиб, институт ҳудудидан репортаж тайёрлади.
Ипакчилик илмий-тадқиқот институтига яқин жойда яшовчи Зафар Зокировнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, 2 май куни институт ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтган. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов иштирок этган. Зафар Зокировга кўра, лойиҳа паспортини суратга олишга рухсат берилмаган, аммо у лойиҳа харитаси билан яқиндан танишди. Кейинчалик таниш-билишлари орқали суратларни олишга эришди. Слайдларда кўрсатилишича, бу Ипакчилик институти ҳудудида янги кўнгилочар боғ ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш бўйича таклиф лойиҳасидир.
Лойиҳага кўра, боққа киришни ярим доира шаклидаги улкан павильон билан белгилаш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, ҳудудда футбол стадиони ҳам пайдо бўлади (қуйидаги расмдаги рўйхатнинг 14-банди). Тасвир ноаниқлиги сабабли объектлар рўйхатининг қолган бандларини ўқиб бўлмади.

Делегация аъзоларининг Зафар Зокировга маълум қилишича, шаҳар ҳокимининг ташрифи чоғида таклиф лойиҳаси тасдиқланмаган. Шунга қарамай, Шавкат Умурзоқовнинг келишига қўй сўйилган, бу эса лойиҳанинг тасдиқланишини англатиши мумкин, деб тахмин қилди фуқаро.
«Ҳокимликдаги йигитлардан лойиҳа тасдиқланмаган бўлса, нега Тошкент ҳокимини таклиф қилиб, қўй сўйиш кераклигини сўрадим», — деди Зафар Зокиров.
Тақдимотдан бир неча кун ўтиб, институт ҳудудида экскаватор ишлари бошланди, дея қўшимча қилди у. Техника дарахтларни ердан қўпориб, кейин бошқа жойга кўчириб ўтказди.
Фото: Зафар Закиров
«Улар вақтинча тўхтаб қолганга ўхшайди, лекин 15−20 та дарахт аниқ кўчириб ўтказилди», — деди Зафар Зокиров. «Кўчириб ўтказиш қўпол бўлди ва дарахтлар, эҳтимол, нобуд бўлади. Кузатиб турсам, дарахтларни бир жойдан қазиб олиб, институт цехи биносининг орқасига тиқиб қўйишяпти», — дейди у.
Зафар Зокировнинг қўшимча қилишича, ишлар бир неча кун давом этиб, 12 май куни аҳоли бу ҳақда блогерларга маълумот тарқатган.
«Тайёр боғни бузиб, „боғ“ қурамизми! Тошкент ипакчилик институти ҳудудидаги дарахтлар кесиб, истироҳат боғи қурилмоқда! Мантиқ Ўзбекистонни тарк этди», — деб ёзди экоблогер Urikguli (Мўътабар Хушвақтова) ўзининг Телеграм-каналида.
Тут дарахтларининг бошқа жойга кўчириб ўтказилганидан кейинги ҳолат
Ноёб тут дарахтлар коллекцияси тақдири нима бўлади?
Институт директори Сайфиддин Валиевнинг таъкидлашича, мазкур илмий даргоҳ 1927 йилда ташкил топган. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ушбу институт ҳудуди ҳозирда 18 гектардан иборат. У ерда 19,5 минг дона турли: тутлар, тераклар, арчалар, чинорлар, манзарали ва бошқа дарахтлар мавжуд.
«Дарахтларнинг аксарияти озиқа тутзорларни ташкил қилади. 3,7 гектар қисмида ноёб тут дарахтлар коллекцияси жойлашган. Мазкур коллекцияда дунёнинг 16 та давлатидан келтирилган 240 дан ортиқ навлар шакллантирилган. Институтда ипак қуртининг 120 дан зиёд коллекцияси сақланиб, янги зотлар яратиш бўйича муҳим генофонд ҳисобланади. Бизнинг асосий фаолиятимиз тутзорларни кўпайтириш, сақлаш, ипак қуртининг янги зот ва дурагайларини яратиш бўйича илмий-тадқиқотлар олиб боришдир», — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, институт ҳудудида айнан Magic City каби кўнгилочар дам олиш маскани барпо этиш режалаштирилмаган. Қарорда тут дарахтларини сақлаб қолган ҳолда, аҳолига хизмат кўрсатадиган экобоғ ташкил қилиш қад этилган.
«Қарорда институт олимлари керакли тадқиқот ишларини олиб бориши, тут дарахтларини керакли пайтда кесиб, шакллантириши каби ҳуқуқлар белгилаб қўйилган. Шу сабабли бу ердаги мавжуд дарахтларнинг барчасини тўлиқ сақлаб қолиш кўзда тутилган», — дея қўшимча қилди Валиев.
«Институт ҳудудининг нариги тарафида 0,3 сотих майдонда янги бино қурилмоқда. Уч қаватли иншоотда институт ўз фаолиятини давом эттиради. Янги бинода барча шароитлар тўлиқ яратиб берилиши режалаштирилган. Қурт боқиш учун махсус лабораториялар, барг сақлаш учун замонавий совитиш хоналари ҳам бўлади. Ҳозирги биноларимиз ҳам яхши. Аммо бироз эскирган, замон талабларига жавоб бериши қийин. Янги бинони 2025 йил якунигача қуриб битказиш кўзда тутилган», — дейди институт директори.
«Дарахтларни кўчириб ўтказиш тартиби бузилган»
Тошкент шаҳар экология бошқармаси Шайхонтоҳур тумани инспекцияси бош мутахассиси Улуғбек Норқобиловнинг айтишича, тармоқлардаги муҳокамалардан сўнг ушбу ҳолат бўйича Бош прокуратура ва шаҳар прокуратураси ходимлари, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари ҳамда парламент депутатлари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди.
«Ўрганиш натижаларига кўра, Ипакчилик илмий тадқиқот институтига қарашли бўлган ҳудудда дарахт кесилиш ҳолати аниқланмади. Аммо кўчириб ўтқазиш вақтида Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарорининг 33-банди бузилган, яъни илмий тадқиқот учун экилган дарахтлар агротехник қоидаларга амал қилинмаган ҳолда кўчирилган. Ушбу ҳолат бўйича дарахтларни кўчиришга масъул ҳисобланган хусусий фирма ходимларига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) асосан, жазо чоралари қўлланилди», — дейди Улуғбек Норқобилов.
«Экобоғда ресторанлар ва кўп қаватли автотураргоҳ бўлади»
Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ахборот хизмат раҳбари Дилфуза Раҳимованинг айтишича, институт ҳудудидаги ишлар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳукумат қарорлари асосида амалга оширилмоқда.
«Институт ҳудудида туман ҳокимлиги томонидан экобоғ ташкил қилиняпти. Лойиҳа доирасида аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши, тоза ҳаводан нафас олиши, болаларнинг мириқиб ўйнашлари учун барча шароитлар яратилади. Тематик кафе ва ресторанлар фаолият олиб боради, кўп қаватли автотураргоҳ ҳам ташкил этилади», — дейди ҳокимлик вакили.
Унинг сўзларига кўра, институт ҳудудидаги мавжуд 19,5 мингта дарахтнинг бир донасига ҳам зиён етказилмаган ҳолда 1 гектар майдонни бино ва иншоотларни қуриш мақсадида ҳудуднинг бошқа бўш турган қисмига кўчириш кўзда тутилган.
Фото: Тошкент шаҳар экология бошқармаси
«Қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунига етгунга қадар 19,5 минг туп дарахтларнинг икки бараварга кўпайтирилиши режалаштирилган. Яъни у ердаги дарахтларга зарар етказилмаган ҳолда улар сони яна-да кўпаяди», — дея қўшимча қилди у.
«Экобоғ лойиҳаси, албатта, жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Ҳудудга лойиҳа паспорти ҳам қўйилади, аҳоли бемалол келиб, кўриши мумкин бўлади. Лойиҳа 2026 йилгача якунига етиши режалаштирилган», — дейди Дилфуза Раҳимова.
«Газета.uz» манбаларига кўра, илмий-тадқиқот институти ҳудудида янги кўнгилочар боғ ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ қарорида қайд этилган, шу асосда ишлар амалга оширилмоқда.
2023 йилда пайдо бўлган қурилишга оид илк хабарлар
Эслатиб ўтамиз, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақидаги илк хабарлар 2023 йилнинг ёзида пайдо бўлган эди. Ўшанда «Газета.uz» ҳудуддан репортаж тайёрлаб, аҳоли ва институт раҳбариятидан интервью олганди. Институт жойлашган Ипакчи маҳалласи фуқаролари миш-мишларни институтнинг Андижон вилояти Марҳамат туманига кўчиб ўтиши билан боғлашган. Бу Ўзбекистон президентининг қарорларида кўзда тутилган.
Аҳоли дарахтлар тақдиридан хавотирда бўлиб, ҳокимиятдан «ёдда қоладиган савобли иш қилиш»ни ва бу жойни миллий боғга айлантиришни, институт биноси негизида эса мактаб очишни сўраган.

Ипакчилик ИТИ бош биноси.
Институтнинг ўша вақтдаги директори Шуҳрат Абдулазизов 1960 йилларда институт ташкил этилганидан бери хусусий уй-жой фонди қурилиши муносабати билан ИТИ ҳудуди 100 гектардан 19 гектаргача қисқарганини айтган эди. Қурилиш суғориш тармоғининг ишини издан чиқарди, натижада ҳудуднинг катта қисмини эгаллаган тутзорларга сув етиб бормай қолди. Институт директори коллекцияни ноёб деб атаганди ва унинг институт Андижон вилоятига кўчиб ўтганидан кейинги тақдири номаълумлигини таъкидлаган эди.
Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев «Газета.uz» репортажидан сўнг институт ҳудудидаги бирорта дарахтга зарар етказилмаслигини маълум қилганди. «Биз дарахтларни кесиш ва кўчириб ўтказишга мутлақо қаршимиз. Бу ерда қандай лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлса, у дарахтларни сақлаб қолган ҳолда амалга оширилиши керак», — деганди маслаҳатчи.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди




