Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
2025 йил 30 июндан бошлаб визасиз тартибда Россияга келаётган чет эл фуқаролари «Госуслуги RuID» мобил иловаси орқали олдиндан рўйхатдан ўтиши ва QR код олиши шарт бўлади. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими бу ҳақда огоҳлантириш берди.
QR кодни чегарадан ўтишда тақдим этиш талаб этилади.
Рўйхатдан ўтиш учун шахсий кабинет яратиш, фотосурат ва шахсий маълумотларни юклаш ва Россияда бўлиш муддатини кўрсатиш керак. Ариза сафардан камида 72 соат олдин берилиши лозим.
Агар келиш зарурати тўсатдан (масалан, оғир касаллик ёки яқин қариндош вафоти) пайдо бўлса, аризани 4 соат қолганда ҳам топшириш мумкин, дейилади хабарда.
Беларусь фуқаролари, 6 ёшгача бўлган болалар, виза, вақтинчалик ёки доимий яшаш рухсатномасига эга шахслар рўйхатдан ўтишдан озод қилинади.
6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун аризани уларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари топширади — уларда ҳам шахсий рўйхатдан ўтиш коди бўлиши шарт.
Маълум қилинишича, янги қоидалар Россия ҳукуматининг 2024 йил 7 ноябрдаги «Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясига кириш ва ундан чиқиш қоидалари ва шартларини синовдан ўтказиш бўйича эксперимент ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида кучга киради.
Аввалроқ 1 декабрдан бошлаб Москванинг тўртта аэропорти — Шереметьево, Внуково, Домодедово ва Жуковский, шунингдек, Оренбург вилоятидаги «Маштаково» давлат чегараси орқали ўтказиш пунктида кириб келаётган чет эл фуқароларининг биометрик маълумотларини (фото ва дактилоскопия) тўплаш бўйича тажриба ўтказилганди.
30 июндан эса худди шу қарор асосида Россия чегарасидаги барча ўтказиш пунктларида ўзгаришлар киритилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
