Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий этилади. Оилавий поликлиникаларда тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритади. Аҳолига оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.
19 май куни «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-88-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
- халқаро тажрибага асосланган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги моделини жорий қилиш;
- аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокор улушини 70 фоизга етказиш;
- соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда тиббиётда қоғозбозликни камайтириш орқали тиббиёт ходимлари иш юкламасини 30 фоизгача камайтириш;
- 2025 йил 1 июлдан мазкур Фармонда белгиланган туман (шаҳар)ларда, 2026 йил 1 январдан Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели (тажриба-синов лойиҳаси) жорий қилинади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари негизида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилади.
Фармонга кўра, тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида қуйидагилар йўлга қўйилади, жумладан:
- оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, шу жумладан, уларга филиал сифатида бириктирилган муассасалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктлари бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб, юридик мақомга эга оилавий поликлиникаларга ҳамда уларнинг филиалларига айлантирилади;
- оилавий поликлиникаларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатувчи оилавий шифокор, педиатр, акушер-гинеколог ва ташхислаш хизматларини кўрсатувчи мутахассислар, шунингдек, аутсорсинг асосида стоматология хизмати йўлга қўйилади;
- аҳолига оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, тиббиёт бригадасига 3 минг нафар, зарур ҳолларда, белгиланган меъёрларга қўшимча аҳоли бириктирилиши мумкин. Бунда 2030 йилга қадар 1 тиббиёт бригадасига кўпи билан 1,7 минг нафар аҳоли бириктирилиши стратегик мақсад этиб белгиланади.
Оилавий поликлиникаларда тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритади.
Оилавий поликлиникадан 10 километрдан узоқ масофада жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли учун тиббиёт ходимларининг сайёр тиббий хизмати йўлга қўйилади.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
