Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Хитойда ишлаб чиқарилган 800 долларгача бўлган товарларни божсиз олиб киришни бекор қилди, деб ёзмоқда New York Times. Чора 2 майдан кучга кирди.
Бу de minimis деб номланувчи «лазейка» (бўшлиқ) бўлиб, у жисмоний шахслар ва кичик бизнесга 800 долларгача бўлган товарларни тўғридан-тўғри буюртма бериш шарти билан АҚШга божсиз олиб киришга имкон берган. CBS News`нинг таъкидлашича, Shein ва Temu каби хитойлик чакана сотувчилар асосан ушбу енгилликка таянган.
Сўнгги йилларда тобора кўпроқ компаниялар ўз маҳсулотларини АҚШга бож тўламасдан етказиб бериш учун de minimis`дан фойдаланган, деб ёзади NYT. Трамп Оқ уйга қайтиб, Хитойдан импорт учун 145 фоизли бож жорий қилганидан бери бу усулга янада кўпроқ мурожаат қилина бошланди.
Ўзгаришлар Хитой ва Гонконг товарларига, шунингдек, Хитойдан учинчи давлатлар орқали АҚШга етказиб бериладиган маҳсулотларга таъсир кўрсатди. Хитойдан ташқари бошқа давлатларнинг товарлари учун de minimis қоидаси ҳозирча ўз кучида қолмоқда.
Тему Хитойдан АҚШга бошқа товарлар жўнатмаслигини маълум қилди. «АҚШдаги барча сотувлар энди маҳаллий сотувчилар томонидан қайта ишланади, буюртмалар эса мамлакат ичида бажарилади», — дея аниқлик киритди компания.
Shein сайтида айтилишича, божлар «сиз тўлайдиган нархга киради».
АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати (CРС) ҳисоботига кўра, 2018 йилдан 2023 йилгача Хитойдан арзон электрон тижорат экспорти қиймати 5,3 миллиард доллардан 66 миллиард долларгача ўсган. 2023 йилда АҚШ Божхона ва чегара хизмати (CBP) de minimis доирасида юборилган бир миллиард жўнатмани қайта ишлаган бўлиб, уларнинг ўртача қиймати 54 долларни ташкил этган. CNN`нинг аниқлик киритишича, АҚШ божхона хизмати ҳозирда «кунига 4 миллионга яқин божсиз жўнатмаларни» қайта ишлайди. Уларнинг аксарияти Хитой ва Гонконгдан келади.
De minimis ҳақида нималар маълум?
De minimis қоидаси АҚШда 1938 йилда 1930 йилги Тарифлар тўғрисидаги қонуннинг 321-бўлими сифатида киритилган. Унинг мақсади савдони рағбатлантириш ва ҳукумат учун юқори харажатлар билан паст қийматли товарларга арзимаган божларни йиғиш билан боғлиқ маъмурий юкни олиб ташлаш бўлган, деб ёзади CBS News.
АҚШ Конгресси de minimis доирасида жўнатмалар учун чегарани 1978 йилда 5 долларга, 1993 йилда 200 долларга, кейин эса 2016 йилда 800 долларга кўтарган.
2025 йил февраль ойида Трамп Хитой АҚШга фентанил оқимини тўхтатиш учун етарли чоралар кўраётганига ишонмагани учун бу усулни бартараф этишини айтганди. Апрель ойида АҚШ президенти 2 майдан кучга кирадиган Хитой ва Гонконгдан арзон пакетлар учун de minimis қоидасини бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
Хитойдан келадиган товарлар ҳозирда АҚШда 145 фоизгача солиққа тортилади. Пекин бунга жавобан АҚШдан келадиган маҳсулотларга 125 фоизли бож жорий қилган.
Бу харидорларга қандай таъсир қилади?
De minimis бекор қилиниши билан Хитойдан кўплаб маҳсулотлар аввалгидек арзон бўлмайди, деб ёзади CBS News. Чакана сотувчилар аллақачон мижозларнинг буюртмалари нархига юқори тариф устамаларини киритмоқда.
Телеканал суҳбатлашган савдо бўйича экспертларнинг таъкидлашича, президент фармонига риоя қилиш учун импортчилар ва Божхона-чегара хизмати ҳар куни миллионлаб қўшимча жўнатмаларни текширишга мажбур бўлмоқда. Бу етказиб беришда сезиларли кечикишларга олиб келиши мумкин, дейди экспертлар.
Хитойлик чакана сотувчилардан арзон товарлар йўқлигидан энг кўп кам даромадли уй хўжаликлари азият чекади, деб ёзади CNN. Лос Анжелесдаги Калифорния университети ва Йель университети иқтисодчиларининг тадқиқотига кўра, de minimis доирасида жўнатмаларнинг тахминан 48 фоизи АҚШнинг энг қашшоқ штатларига, 22 фоизи эса энг бой штатларига юборилган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
