Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Эрон билан ядровий келишувга «жуда яқин» эканини айтди, Теҳрон унинг шартларига рози бўлган «кўринади», деб хабар бермоқда CNN.
«Эрон шартларга рози бўлган кўринади. Биз, дўстона тарзда айтаман, Эронда радиоактив чанг ҳосил қилмаймиз [ядро объектларига ҳарбий зарбалар бермаймиз — таҳр.]», — деди Трамп Қатарга ташрифи чоғида.
Америка президенти қайси баёнотларни назарда тутаётганига аниқлик киритмади. Икки кун олдин Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг сиёсий, ҳарбий ва ядровий масалалар бўйича маслаҳатчиси Али Шамхоний NBC News телеканалига берган интервьюсида Теҳрон иқтисодий санкцияларни бекор қилиш эвазига ядровий дастури билан боғлиқ қатор ён босишларга тайёрлигини тасдиқлаганди.
Эрон энди ядро қуролини ишлаб чиқармаслик, юқори даражада бойитилган уран заҳираларидан халос бўлиш, уни фақат қуйироқ даражага бойитишга рози бўлишга ва халқаро инспекторларга жараённи кузатиш имконини беришга тайёр, деди у.
Агар бу шартлар бажарилса, Эрон бугун шартнома имзолайдими, деган саволга Шамхоний: «Ҳа», деб жавоб берди.
New York Times ҳам аввалроқ Эрон АҚШнинг ядровий дастурини қисқартириш талабига муқобил равишда араб давлатлари ва америкалик инвесторлар билан уранни бойитиш бўйича қўшма корхона яратишни таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди.
Вашингтон ва Теҳрон аллақачон ядровий келишувга эришган. 2015 йилнинг ёзида Эрон ва бир гуруҳ давлатлар (АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия) санкцияларни бекор қилиш эвазига Эроннинг ядровий дастурини чекловчи Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини имзолаганди. Трамп 2018 йилда биринчи президентлик муддати давомида АҚШни ундан чиқариб юборган эди.
Ушбу режа доирасида Эронга 3,67% гача бойитилган 300 кг гача уранни сақлашга рухсат берилганди. Бу фуқаролик ядровий энергетикаси ва тадқиқот мақсадлари учун етарли, аммо 90 фоиз тозалигида бойитилган уранни талаб қиладиган ядро бомбасини яратиш учун эмас.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
