Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Ғазо сектори.
Фото: X / @Timesofgaza
ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ берган таклифга рози, деб ёзди Reuters. Янги таклиф гаровга олинган ўн кишини озод қилиш ва 70 кунлик сулҳни кўзда тутади. Исроил бунга жавобан фаластинлик маҳбусларни озод қилиши керак.
ҲАМАС Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткоффнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифига рози бўлди, деб ёзмоқда Reuters.
Нашр манбасига кўра, Уиткоффнинг таклифи ўн нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилишни (улар икки гуруҳ бўлиб озод қилинади) ва 70 кунлик ўт очишни тўхтатишни, шунингдек, Исроил қўшинларини сектордан қисман олиб чиқишни назарда тутади. Таклифда, шунингдек, Исроил томонидан бир қатор фаластинлик маҳбусларни, жумладан, узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётган юзлаб кишиларни озод қилиш кўзда тутилган.
ҲАМАС бу таклифни воситачилар орқали олди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу идораси ҳали бу бўйича маълумот бермади.
Уиткоффнинг ҳар икки томонга юборилган таклифи ҳақида 18 май куни Axios манбаларга таяниб ёзганди. Уларнинг сўзларига кўра, Доҳада Исроил ва ҲАМАС ўртасида музокара гуруҳлари бўлган бўлса-да, Уиткофф режаси муҳокамаси «бошқа каналлар орқали» олиб борилган. Axios суҳбатдошларига кўра, Нетаньяҳу «кўплаб шартлар ва истиснолар билан» ижобий жавоб берган.
ҲАМАСга қарши қуруқликдаги операцияни сезиларли даражада кенгайтириш режаси 4 май куни Исроил хавфсизлик вазирлиги томонидан маъқулланганди.
- Исроил 18 март куни Ғазода жанговар ҳаракатларни қайта бошлаб, ҲАМАСни гаровга олинган қолган 59 нафар исроиллик тирик ва ўликларни озод қилишдан бош тортганликда айблаганди.
- Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ 19 январдан бери амалда бўлиб, уч босқичдан иборат бўлиши керак эди. Битимнинг 2 март куни якунига етган биринчи босқичи доирасида Ғазода гаровда ушлаб турилган 39 киши ва Исроилда бўлган 1700 дан ортиқ фаластинлик маҳбус озод қилинди.
- Иккинчи босқич бўйича музокаралар февраль ойи охирида бошланган, бироқ Исроил ва ҲАМАС шартлар бўйича келиша олмаган. Гуруҳ қолган барча гаровга олинганларни озод қилиш эвазига Исроил қўшинларини Ғазодан тўлиқ олиб чиқишни талаб қилди, Исроил эса урушни тўхтатиш ёки қўшинларни олиб чиқиш мажбуриятисиз биринчи босқични узайтиришни талаб этди.
- 2025 йил апрель ойи бошида Исроил ўз армияси томонидан яратиладиган «хавфсизлик зонаси»га киритиладиган «кенг ҳудудни эгаллаш» учун Ғазодаги ҳарбий операция кенгайтирилишини эълон қилган.
- 6 май куни Исроил ҳукумати ҲАМАСга қарши қуруқликдаги операцияни кенгайтириш режасини маъқуллаган, унинг мақсади «Ғазони забт этиш ва ҳудудни эгаллаш» эди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди