Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Шуҳрат Абдураҳмоновнинг вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий ҳаракат содир этгани айтилган хабарни кескин рад этди.
Қайд этилишича, 9 май куни блогер Улуғбек Ашур YouTube саҳифасида вилоят раҳбари Шуҳрат Абдураҳмоновга нисбатан «оғир ва асоссиз айбловлар» келтирилган видео жойлаган.
Хусусан, видеода «андижонлик бир йигитда вилоят ҳокимининг катта бир жинояти ҳақида далил борлиги, унга кўра, ҳоким бир аёл ва унинг 15 ёшли қизига хонадон олиб бергани, аёлни ишга ҳам жойлагани, аммо унинг қизини бир неча бор зўрлагани» айтилади.
«Фуқаро маълумотига асосланган, ҳеч қандай далилга эга бўлмаган бундай постлар шахс шаъни, қадр-қиммати ва нуфузига очиқдан-очиқ тажовуздир», — деб бу маълумотни рад қилди ҳокимлик.
Маъмурият ижтимоий тармоқлардаги туҳмат ва ҳақоратларга асос бўлаётган манбалар шубҳали ва ноқонуний экани, бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини қўшимча қилди қилди.
«Айни пайтда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан ушбу асоссиз маълумотларни тарқатганлар ва жамоатчилик онгида нотўғри фикр уйғотишга уринган шахслар юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган».
«Қонунга мувофиқ равишда уларга нисбатан жазо чоралари қўлланади. Жамоатчиликдан фақат расмий ва ишончли манбаларга таянишни, иғвогарона маълумотларга учмасликни сўраймиз», — дейилади хабарда.
2023 йил апрель ойида тармоқларда Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли дея тахмин қилинган интим видео тарқалганди. Ўшанда вилоят ҳокимлиги видео бўйича прокуратурага шикоят аризаси юборилганини билдирган. Видеони тарқатганларни аниқлаш ва уларга чора кўриш бўйича ишлар бошланганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
