Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Давлат ва жамоат арбоби, маданий меросни сақлаш ҳамда тарғиб қилишга ҳисса қўшган археолог олим Зафар Абдуллаевич Ҳакимов вафот этди, дея хабар бермоқда Фанлар академияси.
Зафар Ҳакимов 1942 йил 14 августда Бухоро шаҳрида туғилган. 1964 йилда Тошкент давлат университетини тугатган. 1964−1985-йилларда Санъатшунослик институтида лаборант, аспирант, кичик илмий ходим, катта илмий ходим, илмий котиб лавозимларида фаолият юритган.
У турли йилларда давлат ташкилотларида раҳбар ва масъул лавозимларда, хусусан 1985−1988 йилларда Ўзбекистон Бадиий фонди директори, 1988−1990 йилларда Ўзбекистон КП марказий қўмитаси маданият бўлими масъул ходими, 1990−1992 йилларда Президент аппарати маданият, фан, маънавий тарбия масалалари бўйича етакчи консультанти, 1992−1993 йилларда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, вазири бўлиб ишлаган.
Шуниндек, Ҳакимов 1993−1995 йилларда Ўзтелерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари, 1995−1997 йилларда Ўзтелерадиокомпания раиси, 1998 йилда Президент аппарати жамоат ташкилотлари билан алоқалар бўйича етакчи консультанти ва 1998−1999 йилларда «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти етакчи илмий муҳаррири лавозимларида фаолият юритган.
Фаолияти давомида унинг тарих, археология, архитектура масалаларига бағишланган 50 та мақолалари, монография ва қўлланмалари республика нашрларида чоп этилган. Олим 1970−1979 йилларда совет-афғон археологик экспедицияси таркибида Шимолий Афғонистонда ўнлаб қадимий воҳа ва манзилгоҳларни кашф этган, дейилади хабарда.
Зафар Ҳакимов 1999 йилдан бошлаб «Мозийдан садо» илмий-амалий, маърифий журналининг бош муҳаррири лавозимида меҳнат қилиб келган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди