Close Menu
  • EurasiaPulse
  • Madaniyat
  • News
  • Жамият
  • Жаҳон
  • Марказий Осиё
  • Сиёсат
  • Спорт
What's Hot

Toqayev Qozog‘istonning AQShdagi yangi elchisini tayinladi

Oktabr 20, 2025

Шахматчи Жавоҳир Синдаров TePe Sigeman супертурнирида ғолиб бўлди – Газета.uz

May 28, 2025

Тошкентда Akkerman Cement III халқаро форуми ўтказилди

May 28, 2025
Facebook Instagram TikTok Telegram
  • Oʻzbek
    • Қазақ тілі
    • Oʻzbek
    • Кыргызча
    • 中文 (中国)
    • Русский
Facebook X (Twitter) Instagram
EurasiaPulse
  • EurasiaPulse
  • Madaniyat
  • News
  • Жамият
  • Жаҳон
  • Марказий Осиё
  • Сиёсат
  • Спорт
EurasiaPulse
Главная страница » Бўрижар каналида чўкаётган қизчани қутқарган эркак ҳалок бўлди. Қирғоқ ободонлаштириш ишлари сабаб хавфли бўлиб қолган, ҳокимият эса лойиҳа тафсилотларини сир тутмоқда
News

Бўрижар каналида чўкаётган қизчани қутқарган эркак ҳалок бўлди. Қирғоқ ободонлаштириш ишлари сабаб хавфли бўлиб қолган, ҳокимият эса лойиҳа тафсилотларини сир тутмоқда

May 20, 2025
Facebook Twitter LinkedIn Telegram Pinterest Tumblr Reddit WhatsApp Email
Share
Facebook Twitter LinkedIn Pinterest Email

Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Тошкентнинг Яккасарой туманидаги «Ракат» маҳалласи аҳолиси «Газета.uz»га Бўрижар канали бўйидаги қурилиш майдонида хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаётгани ҳақида хабар қилди. Канал қирғоғининг бир қисмида 2024 йил кузидан бери пиёда сайр қилиш ҳудуди барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Қурилиш жараёнидаги хавфсизлик қоидаларига беписандлик 5 май куни фожиага сабаб бўлди.

Нима содир бўлди?

5 май куни кечқурун шу маҳаллада яшовчи етти-саккиз ёшлардаги уч қизалоқ қирғоққа тушди. Қизлардан бирининг ҳикоясига кўра, дугонаси канал четига яқинлашиб, оёқларини ҳўллаб олмоқчи бўлган, дея ҳикоя қилади Баҳодир кўчасидаги 12-уйда яшовчи Дарья Грапиненкова. Шу пайт қизча сирпаниб, сувга тушиб кетди. Оқим қизчани канал марказига оқизиб кетди. Дугонасига ёрдам бермоқчи бўлган бошқа қиз ҳам сувга сакради. Оқим уни ҳам оқизиб кетди, лекин марказга эмас — канал қирғоғи бўйлаб пастга оқизиб кетди. Шундан сўнг болалар ёрдамга чақира бошлашди.

бўрижар, каналлар, тошкент

Болалар канал бўйига тушган жой.

Қичқириқлар яқин атрофда яшовчи Дарья Грапиненкованинг эътиборини тортди. У деразадан ташқарига қараб, сувда типирчилаётган болага кўзи тушди. Сувга биринчи бўлиб тушган қизча оқимнинг қуйи қисмида, уни аллақачон бошқа аҳоли вакиллари кўрган эди. Дарья иккинчи болани қутқариш учун каналга қараб югурди.

«Тушишга ҳожат ҳам қолмади. Тик ёнбағирдан шунчаки пастга думалаб кетдим ва бир зумда канал қирғоғига етиб бордим. У ерда қизчани кўриб, дарҳол ёнига бордим. Нима қилиш кераклигини тушунтира бошладим. Қизча қирғоққа яқинлашмоқчи бўлди, лекин бетон шилимшиқ билан қоплангандек сирпанчиқ эди — оёқлари тойиб кетар, қўллари тутиб қолиш учун таянч тополмасди. Мен тинмай: „Ўзингни қўлга ол, фақат ўзингни қўлга ол!“ деб такрорлардим», — деб эслайди Дарья.

Сирпанчиқ ва қия бетон қирғоқ.

Сирпанчиқ ва қия бетон қирғоқ.

Дарья пастга думалаб кетган пайтда жароҳат олган.

Дарья пастга думалаб кетган пайтда жароҳат олган.

Сирпанчиқ ва қия бетон қирғоқ.
Дарья пастга думалаб кетган пайтда жароҳат олган.

Аёл сузишни билмасди, лекин шу пайт унга қўлига илинган хода билан қизчани тортиб олиш фикри келди.

Қуйи оқимдаги иккинчи қизчани 9-уйда яшовчи Абдуманноп Самиқов кўриб қолди. Ўгай ўғли Саидакбар Абдувалиевнинг айтишича, ўгай отасининг «Бола чўкяпти!» деган овозини эшитган пайти у эндигина сайрга отланиб турганди.

«Аввалига қўрқиб кетдик — укам сувга тушиб кетди, деган хаёлга бордик. Лекин у уйнинг орқасида, ҳовлида ўйнаб юрганди, — дейди Саидакбар. — Биз дадамга бу ҳақда айтдик, лекин у каналда бола чўкиб кетяпти, деб бақираверди. Мен яқинроқ бордим ва сувда бир қизчани кўрдим, у чўкиб кетаётганди. Дадам яланг оёқ қияликдан пастга сакраб тушди ва дарҳол сувга шўнғиди».

бўрижар, каналлар, тошкент

Абдуманноп Самиқов югуриб канал бўйига чиққан жой.

Абдуманноп Самиқов қизчани ушлаб олишга улгурди, бироқ қирғоққа яқинлашаркан, тирмашиб чиқолмади, қўли билан тутиб олишга ҳеч нарса топилмади. Оёқ остидаги бетон сирпанчиқ эди. Саидакбар ўгай отасининг олдига югуриб бориб, қўлидаги таёқни узатди, лекин етолмади. Шунда эркак арқон олиб келишни буюриб, қизчани маҳкам ушлаб тураверди.

Бироқ Саидакбар ўгай отасининг дармонсизланиб, оқимга бас келолмаётганини сезди. Ўсмир арқонни олиб келишга улгурмаслигини тушуниб, ўзи каналга сакради.

бўрижар, каналлар, тошкент

Саидакбар Абдувалиев.

«Дадам қизчани менга тутқазиб, нафас олиш учун сувдан бошини чиқарди-да, яна сувга шўнғиди ва ғойиб бўлди. Бу уни охирги кўришим эди», — дейди Саидакбар.

Болаларга қўшни Александра Махсудова ёрдамга келди. У сувга хода отди, улар ходага маҳкам тирмашиб олишди. Лекин оқим уларни пастга оқизиб кетаверди. Саидакбар ёрдамга чақира бошлади.

бўрижар, каналлар, тошкент

Дарья Грапиненкова ва Александра Махсудова. Болаларни қутқаришда иккала аёл ҳам жароҳат олган.

Болалар сувга тушган жойдан тахминан 150 метр узоқликда «Барқарор» отхонасининг икки ходими арқон билан етиб келди. Йигитлардан бири қирғоқда қолди, иккинчиси болалар томон сакради. Улар сувдан чиқариб олинди.

Ўнг қирғоқда «Барқарор» отхонаси жойлашган. Болалар ўнг томондан сувга тушиб кетишган.

Ўнг қирғоқда «Барқарор» отхонаси жойлашган. Болалар ўнг томондан сувга тушиб кетишган.

Биринчи қизнинг сувга тушиб кетган тахминий жойи қизил белги билан белгиланган. Яшил белги — Саидакбар билан бирга сувдан чиқариб олинган жой. Икки нуқта орасидаги масофа 150 метрдан ортиқ.

Биринчи қизнинг сувга тушиб кетган тахминий жойи қизил белги билан белгиланган. Яшил белги — Саидакбар билан бирга сувдан чиқариб олинган жой. Икки нуқта орасидаги масофа 150 метрдан ортиқ.

Ўнг қирғоқда «Барқарор» отхонаси жойлашган. Болалар ўнг томондан сувга тушиб кетишган.
Биринчи қизнинг сувга тушиб кетган тахминий жойи қизил белги билан белгиланган. Яшил белги — Саидакбар билан бирга сувдан чиқариб олинган жой. Икки нуқта орасидаги масофа 150 метрдан ортиқ.

Соҳилнинг отхонага қарама-қарши томонига ҳамма қўшнилар, жумладан, Саидакбарнинг онаси Сурайё Маҳкамова ҳам югуриб келди.

«Уйдан югуриб чиқаётганимда, эрим ва ўғлимни оқим олиб кетаётганини кўрдим, — дейди у. — Улар бир лаҳзада шунчаки кўздан ғойиб бўлишди. Ўғлимни сувдан чиқаришгач, ҳаммадан эрим қаердалигини сўрай бошладим. Менга уни ҳеч ким кўрмаганини айтишди. Ўғлим дадаси чўкиб кетган бўлиши мумкинлигини айтди. Оёғим остидан ер қочгандек бўлди, умидсизлик билан ён-атрофдагиларни ёрдамга чақира бошладим».

Воқеа жойига участка нозири етиб келди. У тез ёрдам ва ФВВга хабар берди. Шундан сўнг Абдуманноп Самиқовни қидириш бошланди. Соат 23:00 атрофида эркакнинг жасади 16-шаҳар шифохонасининг орқа томонида (собиқ Пионер кўчаси, ҳозирги Арнасой кўчаси ҳудудида) — тахминан 4 км масофада топилгани ҳақида хабар келди. Оила марҳум билан видолашишга улгурмади — уни шу заҳоти ўликхонага олиб кетишди.

бўрижар, каналлар, тошкент

Абдуманноп Самиқовнинг сувга сакраган тахминий жойи қизил ранг билан белгиланган. Қора белги атрофида унинг жасади топилган. Бу нуқталар орасидаги масофа тахминан 4 км ни ташкил этади.

«У сузишни жуда яхши биларди. Агар у ерда бирор нарсага осилиб олишнинг имкони бўлганида, ўзи чиқиб кетарди. Илгари бу ерда дарахтлар ўсган, ер бор эди — у илдизларни ушлаб, оёқ остидаги тупроқни ҳис қилиб, қирғоққа кўтарилиши мумкин эди. Бу ерда табиий тушиш жойи бўлганида, чиқиш имконияти анча юқори бўларди. Уни канал эмас, балки шу каналдан қилинган нарса ўлдирди», — дейди Сурайё Маҳкамова.

Канални нима қилишди?

Бўрижар канали Яккасарой ва Чилонзор туманлари чегарасидан оқиб ўтади. Унинг қирғоқларида юзлаб хусусий хонадонлар жойлашган. Ўтган йилнинг сентябрь ойида бу ерда дарахтлар ўсиб ётган эди, ўрдаклар ва бошқа қушлар яшарди. Аҳоли ўз хонадонларида дам олиш жойларини ташкил қилганига қарамай, умуман олганда, ҳудуд табиий ҳолатини сақлаб қолган эди. Дарья Грапиненкованинг айтишича, каналнинг кенглиги 40 метрга етган. Қирғоқлар баланд — 10−12 метргача бўлган, лекин кескин жарликлар ҳосил қилмаган, сувга тушиш жойлари анча текис бўлган.

Канал қирғоғи пиёда сайр қилиш ҳудудини яратиш ишлари бошланган вақтда. 2024 йил, сентябрь.

Канал қирғоғи пиёда сайр қилиш ҳудудини яратиш ишлари бошланган вақтда. 2024 йил, сентябрь.

Бу ерда минглаб дарахтлар кесилган.

Бу ерда минглаб дарахтлар кесилган.

бўрижар, каналлар, тошкент

Ҳозирда Сеул кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган канал қирғоқлари бутунлай тозаланган. Баланд қирғоқ чизиғи кесиб ташланган, лекин тик ёнбағирлар сақланиб қолган. Дарахтлар фақат ёнбағирларда қолган. Илгари бу ерда минглаб дарахтлар ўсарди. Канал ўзани торайтирилган ва бетонланган. Артерия четидаги бетондан арматура чиқиб турибди.

Каналнинг бетонланиши оқим тезлашишига сабаб бўлди, қирғоқлари эса сирпанчиқ бўлиб қолди. Айнан шу сабабли сувга тушиб кетган болалар ва Абдуманноп Самиқов сувдан чиқа олмади. Бу ерда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрилмаган. Баъзи жойларда огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган, лекин қирғоққа тушиш мумкин. Бутун участка бўйлаб ҳеч қандай қўриқчилар йўқ.

Каналнинг Муқимий кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган қисмидаги лавҳа.

Каналнинг Муқимий кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган қисмидаги лавҳа.

Каналнинг Сеул кўчасидан Муқимий кўчасигача бўлган қисмидаги лавҳа.

Каналнинг Сеул кўчасидан Муқимий кўчасигача бўлган қисмидаги лавҳа.

Каналнинг Муқимий кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган қисмидаги лавҳа.
Каналнинг Сеул кўчасидан Муқимий кўчасигача бўлган қисмидаги лавҳа.

Масалан, 7 май куни «Газета.uz» мухбирлари «Ракат» маҳалласидаги «Сазанчик» ресторани орқали қирғоққа тушишди. 15 майга келиб, бахтсиз ҳодиса туфайли ташкилотлар ҳудудидан сувга тушиладиган кўплаб йўллар ёпилди. Бироқ 16 май куни мухбир каналнинг бошқа қисмида — Муқимий кўчасининг жанубидаги «Регистон» ресторани орқали пастга тушди. 15 май куни журналист «Ракат» маҳалласидаги ташландиқ қурилиш орқали каналга тушди. Сувга Чўпонота кўчасига яқин бўлган «Мерос» маҳалласи орқали ҳам тушиш мумкин. Сувга чиқиш йўллари ўнлаб бўлиб, маҳаллий аҳоли, албатта, улар ҳақида билади.

Қирғоқ чизиғининг бир қисми кесиб ташлангани сабабли, қолган ёнбағирлар баъзи жойларда ўпирилиб кетмоқда. Кўчкиларнинг олдини олиш учун каналнинг Муқимий кўчаси жанубидаги қисмига бетон плиталар ётқизилмоқда.

Қияликларни ўпирилишдан ҳимоя қилишга мўлжалланган бетон плиталар.

Қияликларни ўпирилишдан ҳимоя қилишга мўлжалланган бетон плиталар.

Қурувчилар «Газета.uz» мухбирларига плиталарнинг вазифаси ҳақида сўзлаб беришди.

Қурувчилар «Газета.uz» мухбирларига плиталарнинг вазифаси ҳақида сўзлаб беришди.

Қияликларни ўпирилишдан ҳимоя қилишга мўлжалланган бетон плиталар.
Қурувчилар «Газета.uz» мухбирларига плиталарнинг вазифаси ҳақида сўзлаб беришди.

Бироқ фуқаролар тасодифан каналга тушиб кетиш хавфидан барибир ҳимояланмаган. «Ракат» маҳалласи томонида иш олиб борилмаяпти. Қияликларнинг баъзи жойларида чуқур ёриқлар пайдо бўлган. Ер ўпирилиб тушаётганга ўхшайди. Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун ҳеч қандай иншоотлар ўрнатилмаган.

бўрижар, каналлар, тошкент
бўрижар, каналлар, тошкент
бўрижар, каналлар, тошкент
бўрижар, каналлар, тошкент

«На тутқичлар, на тўсиқлар, на зинапоялар бор. Ёнбағир тик, сирпанчиқ бўлиб қолди. Ва, энг муҳими, мутлақо хавфсиз эмас», — дейди Баҳодир кўчасидаги 5-уйда яшовчи Татьяна Довлатова.

Аҳолининг сўзларига кўра, улар тўсиқлар ўрнатишни, қияликларни тартибга солишни ва қолган дарахтларни кесмасликни сўраб бир неча ойдан бери ҳокимиятга мурожаат қилмоқда. Ҳокимиятнинг ҳаракатсизлиги туфайли баъзи аҳоли вакиллари ўзлари ва болаларини ҳимоя қилиш мақсадида ўз томорқаларига панжаралар ўрнатган.

Бу қандай лойиҳа?

2024 йил апрель ойида Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқовга Бўрижар канали қирғоғининг Сеул кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган 3,2 км узунликдаги қисмини ободонлаштириш лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳада югуриш ва велосипед йўлаклари, дам олиш зоналари ва умумий овқатланиш шохобчаларига эга пиёда сайр қилиш ҳудудини яратиш кўзда тутилган эди. Канал ўзанини 13 метргача торайтириш режалаштирилганди. Нашр этилган чизмалардан кўриниб турибдики, лойиҳа кенг кўламли ишларни ўз ичига олади ва зич турар-жой қурилишига таъсир қилади. Бу канал бўйидаги хусусий хонадонлар қисман бузилиши мумкинлигини англатарди.

бўрижар, каналлар, тошкент
бўрижар, каналлар, тошкент
бўрижар, каналлар, тошкент
бўрижар, каналлар, тошкент

Шавкат Умурзоқов дарахтлар кесилмаслиги учун лойиҳани такомиллаштириш бўйича топшириқ берди. Қуйида Бўрижарнинг Чўпонота кўчасидан Муқимий кўчасигача бўлган қисмининг 2023 йил август ва 2025 йил февраль ойларида олинган сунъий йўлдош тасвирлари келтирилган.

2023 йил, август.

2023 йил, август.

2025 йил, февраль.

2025 йил, февраль.

2023 йил, август.

2023 йил, август.

2025 йил, февраль.

2025 йил, февраль.

Дарья Грапиненкованинг айтишича, қирғоқни ободонлаштириш режаси 2017 йилдан бери маълум эди. Каналлар бошқармаси ходимлари деярли ҳар йили ўлчаш ишларини ўтказишган, ҳокимлик турар-жойларни олиб қўйиш учун компенсация масаласида аҳоли билан музокаралар олиб борган, лекин Дарья Грапиненкованинг оиласи билан нарх бўйича келишувга эришилмаган. Шу сабабли, бу сафар ҳам реконструкция бошланишини ҳеч ким кутмаган эди. Ишлар 2024 йил сентябрь ойида бошлаб юборилган: расмий баёнотсиз ва аҳоли билан муҳокама қилинмасдан.

«Биз билан ҳеч ким ҳеч нарсани муҳокама қилмади. Қурилиш бошланганини булдозерлар келиб, қазиш ишлари бошланганда билдик. Ўшанда томорқамни ер билан яксон қилишди. Илгари бу ер ям-яшил, сокин ва осуда жой эди. Энди уйимнинг тагида 3 метрлик жарлик пайдо бўлган. Машиналар эрталабдан кечгача гувиллар, чанг-тўзон кўтарилиб турарди. Хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга ҳаракат ҳам қилишмади», — дейди Татьяна Довлатова.

Дарья Грапиненкова иш жараёнида уйининг бир қисми бузиб ташланганини маълум қилди.

«Бизнинг уйларимиз қурилиш чизиғига тўғри келиб қолди. Жой бўшатиш учун уйимдаги иккита хонани, гўё қурилиш меъёрларига риоя қилиш баҳонасида, бузиб ташлашди. Ҳозир девордан жар ёқасигача атиги 15 метр жой қолган. Турар-жой бинолари ва канал ўртасида тик жарлик ҳосил бўлган. Канални кўриш учун ҳовлига чиқишнинг ўзи кифоя, унга тушиш эса осонгина сирпаниб кетиш мумкин бўлган қияликдан бир неча қадамлик масофада».

бўрижар, каналлар, тошкент

Лойиҳа тафсилотлари бўйича аҳоли маҳалла қўмитаси, Яккасарой тумани ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман прокуратураси ва Бош прокуратура, Президент Администрацияси, Олий Мажлис Сенати ва бошқа органларга мурожаат қилган. Бироқ сўровлар жавобсиз қолган.

«Бўрижарнинг ярми туманимиз ҳудудидан ўтишига қарамай, бизнинг бу ободонлаштириш лойиҳасига ҳеч қандай алоқамиз йўқ, унинг ишларига аралашишга ҳаққимиз йўқ», — дея таъкидлади Яккасарой ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

«Ишлар доирасида канал ўзани торайтирилди ва чуқурлаштирилди, туби ва қирғоқ чизиқлари мустаҳкамланди. Бундай чора-тадбирлар ювилишнинг олдини олиш, қияликларни мустаҳкамлаш ва каналларнинг сув ўтказиш қобилиятини ошириш мақсадида дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланиладиган кенг тарқалган амалиёт», — дея жавоб берди Тошкент ҳокимлиги «Газета.uz»га.

Тошкент ҳокимлиги лойиҳанинг бошқа тафсилотлари ва уларни амалга ошириш босқичларини ошкор қилмади, фақат шаҳар маъмурияти «лойиҳа бўйича маълумот бериш ваколатига эга эмас»лигини таъкидлади. Шу билан бирга, пойтахт ҳокимлиги лойиҳа бош вазирга тақдим этилганини маълум қилиб, лойиҳа буюртмачиси — Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Капитал қурилиш бош бошқармасига мурожаат қилишни тавсия этди. У ерда ҳам тафсилотлар очиқланмади.

Таҳририят пойтахт қурилиш бошқармасидан аниқлаштирганида, лойиҳа тасдиқлангани, бироқ қачон тасдиқлангани номаълумлиги маълум бўлди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу объектга хавфсизлик бўйича барча зарур кўрсатма ва тавсиялар «белгиланган талабларга мувофиқ» берилган. Объект Шаҳарсозлик кенгашининг ижобий хулосаси ва экспертиза асосида ҳудудий инспекцияда рўйхатдан ўтказилган.

«Инспекция ходимлари қурилишни мунтазам равишда текшириб, хавфсизлик чоралари, жумладан, тўсиқлар, огоҳлантирувчи белгилар ўрнатиш ва хавфли ҳудудларга киришни чеклаш ишларини назорат қилиб келган, — дейилади матбуот хизмати хабарида. — Пудратчи ва буюртмачига объектда хавфсизликни таъминлаш бўйича бир неча бор ёзма кўрсатмалар берилган. Шунга қарамай, пудратчи томонидан бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун зарур бўлган барча талаблар бажарилмаган, бу эса хавфсизлик чораларининг бузилишига олиб келган. Хусусан, иш вақти тугагандан сўнг объектни қўриқлаш ва чекловларга риоя этилишини назорат қилиш йўлга қўйилмаган, огоҳлантирувчи белгилар ва тўсиқлар тўлиқ ҳажмда ўрнатилмаган ёки тегишли даражада сақланмаган. Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан инспекция томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади, жумладан, масъул шахсларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилади».

бўрижар, каналлар, тошкент

Аҳолининг сўзларига кўра, Абдуманноп Самиқов ҳалок бўлганидан сўнг қирғоқнинг айрим жойларида қизил тўр пайдо бўлган. Бироқ у ҳамма жойда ҳам тортилмаган ва бахтсиз ҳодисалар ҳамда жароҳатлардан тўлиқ ҳимоя қила олмайди.

Объектдаги қурувчиларнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, қирғоқ лойиҳаси ҳали мавжуд эмас, фақат канални бетонлаш ва ўпирилишнинг олдини олиш учун қияликларни мустаҳкамлаш лойиҳаси мавжуд. Чўпонота кўчасида объект штаби ташкил этилган. Кириш жойидаги белгилар бегоналарнинг кириши тақиқланганлигини кўрсатади.

бўрижар, каналлар, тошкент

Каналнинг кўприкдан кўриниши арча тасвирланган баннерлар билан тўсиб қўйилган. Дарвозага объектнинг паспорти илинган, бироқ ишларни амалга ошириш муддати, пудратчи компаниянинг номи ва бошқа бир қатор маълумотлар кўрсатилмаган. Кўрсатилган рақамларнинг аксарияти қўнғироқларга жавоб бермайди. Объект паспортида бу ишларни амалга оширишнинг биринчи босқичи эканлиги кўрсатилган. Кейинги босқичлар қандай бўлиши номаълум, чунки ҳеч бир давлат органи бу ҳақда маълумот бермаяпти.

бўрижар, каналлар, тошкент
бўрижар, каналлар, тошкент
бўрижар, каналлар, тошкент
бўрижар, каналлар, тошкент

Соҳилбўйини ким қуряпти?

Объект штабида «Газета.uz» мухбирига лойиҳа ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиш тавсия этилди.

Канал қирғоғининг штаб томонида тўсиқлар, ёриткичлар учун устунлар, тош ётқизиш вариантлари, ёмғир суви учун тарновлар, шунингдек, ўриндиқлар ва ахлат қутиси намуналари тўплаб қўйилган.

бўрижар, каналлар, тошкент

Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси аниқлик киритганидек, лойиҳа буюртмачиси — Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК, лойиҳачи — «Ўзсувлойиҳа» АЖ, пудратчи эса — «To‘palang HPD Holding» МЧЖ. «Газета.uz» компания билан боғлана олмади.

Компания тақсимлаш муҳандислик объектларини қуриш билан шуғулланади ва сув иншоотлари ҳамда бошқа объектларни қуриш, овқатланишни ташкил этиш, қурилиш материаллари ва сантехника савдоси, шунингдек, брокерлик хизматларини кўрсатувчи бир қатор корхоналар таъсисчиси ҳисобланади. Компания корхоналаридан бирининг раҳбари Содиқ Орипов бўлиб, у айни пайтда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК раҳбари ҳамдир.

Аҳоли нима сўраяпти?

Кўриниб турибдики, Бўрижар қирғоғида Тошкент ҳокимияти тошдан ясалган «Сеул Мун»нинг ўхшашини қурмоқчи. Ҳеч қандай гулзорлар мораторийга қарамай кесилган минглаб дарахтлар ўрнини боса олмайди. Тошкентдаги қирғоқларида дарахт ўсадиган бошқа каналларнинг тақдири хавотир уйғотмоқда. Бу жойлар асосан табиий ва ободонлаштирилмаган бўлса-да, бир хил ечимларга мурожаат қилмасдан шаҳардаги табиатнинг бир қисмини сақлаб қолишнинг кўплаб усуллари мавжуд. Яқинда «Газета.uz» шаҳарларга табиатни қайтариш тенденциялари, сув билан табиий алоқани таъминлашнинг муҳимлиги ва шаҳарда бепул чўмилиш жойларининг йўқлиги ҳақида материаллар эълон қилган эди.

Бўрижар канали қирғоғидаги уйлар аҳолиси ва барча шаҳарликлар яна бир бор минглаб дарахтларни сақлаб қололмади. Ҳокимият лойиҳани сир тутди, маҳаллий аҳолини бўлажак қурилиш ва хавфсизлик хатарлари ҳақида огоҳлантирмади. Шунингдек, аҳолининг атроф-муҳитни хавфсиз қилиш ҳақидаги илтимосларини эътиборсиз қолдирди. Туман аҳолиси буни талаб қилишда давом этмоқда.

Source link

Фото: gazeta.uz сайтидан олинди

Share. Facebook Twitter Pinterest LinkedIn Tumblr Telegram Email
Previous Article«Кинотавсия»: пандемияни «башорат қилган», «Оскар» ютган ва iPhone’да фильм тасвирга олган режиссёр — Стивен Содерберг ҳақида
Next Article ТТЗгача узайтириладиган метронинг бир қисми ерусти бўлади. Президентга янгиланган лойиҳа тақдим этилди

Related Posts

Toqayev Qozog‘istonning AQShdagi yangi elchisini tayinladi

Oktabr 20, 2025

Шахматчи Жавоҳир Синдаров TePe Sigeman супертурнирида ғолиб бўлди – Газета.uz

May 28, 2025

Тошкентда Akkerman Cement III халқаро форуми ўтказилди

May 28, 2025
Іздеу
Bo’limlar
  • Main Uz (1)
  • News (577)
  • Жаҳон (578)
  • Сиёсат (578)
Top Posts

Subscribe to Updates

Get the latest sports news from SportsSite about soccer, football and tennis.

Advertisement
Demo

eurasiapulse.com

Facebook Instagram YouTube TikTok Telegram
Top Insights
Get Informed

Subscribe to Updates

Get the latest creative news from FooBar about art, design and business.

© 2025 eurasiapulse.com. Designed by Eurasiapulse.com.

Type above and press Enter to search. Press Esc to cancel.