Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Сурхондарё вилоятидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши кузатилди. Энергетика вазирлиги оқим назорат остида ёқиб юборилганини маълум қилди. Аварияни бартараф этиш учун хориждан мутахассислар жалб этилган.
2025 йил 5 май куни соат тонгги 6:10 да Сурхондарё вилоятидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидаги 202-қудуқда таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиб чиқди. Бу акс этган видеолар тармоқларда тарқалди.
Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилган.
«Айни пайтда барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда. Ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб қўйилган ва ҳозирги вақтда ушбу ҳудуд Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, „Саноатконтехназорат“ давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефть ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан доимий назорат қилинмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик таъкидлашича, юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмайди.
Аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида хориждан жалб этилган мутахассислар ҳам фаолият олиб бормоқда.
Ҳар бир ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар бериб борилади, дея қайд этган вазирлик.
Вазирлик эслатишича, 2025 йил 27 март куни мазкур қудуқда таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг чиқиши қайд этилган. Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида қудуқ назорат остида ёқиб қўйилган. 22 апрель куни қудуқ ўқининг ғовланиб тушгани ва колонна чиқиб кетиши натижасида фонтанланиш тўхтаган, ҳодиса жойида газнинг суст оқими (грифон) кузатилган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
