Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Газета.uz»
️Болалар учун мўлжалланган контент яратувчи юридик шахслар фойда солиғи тўлашдан озод қилинади ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди. Бундай контентлар қадриятларга ҳурмат ва ватанга садоқат ҳиссини тарбиялашга ҳамда хавфли контентларни аниқлаш кабиларга хизмат қилиш керак.
Президент Шавкат Мирзиёев 15 май куни болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни имзолади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Ҳужжатга асосан, болалар учун мўлжалланган контентлар яратишдан олган даромади жами йиллик даромадининг камида 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар 2025 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар қуйидаги имкониятлар берилади:
- фойда солиғи тўлашдан озод қилинади;
- ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди;
- болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш билан боғлиқ бўлган харажатларини фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.
Қарорга кўра, республикада болалар учун мўлжалланган миллий контентлар ишлаб чиқариш ҳамда уларни оммалаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- болаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаси, табиатни асраб-авайлаш, миллий қадриятларга ҳурмат ва она ватанга садоқат ҳиссини тарбиялашга хизмат қилувчи контентлар яратиш;
- болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини яратиш;
- ота-оналар ва болаларни интернет тармоғидаги ахборотларни тўғри баҳолашга ҳамда хавфли контентларни аниқлашга йўналтирувчи механизмларни ишлаб чиқиш.
Болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ҳар йили «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан жаҳондаги етакчи олий таълим ташкилотларида бакалавриат дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш учун 5 та квота ажратилади.
Президент қарори билан Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди. Унга режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов директор этиб тайинланди. Марказ болалар тарбияси ва соғлиғига салбий таъсир қиладиган контентни таҳлил қилади ва маҳаллий ижодкорларга миллий контент яратиш бўйича буюртма беради.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
