Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Буюк Британия ва Канада бош вазирлари ва Франция президенти қўшма баёнотда Исроил Ғазодаги операцияни тўхтатмаса ва ёрдам етказиб беришга қўйилган чекловларни бекор қилмаса, «аниқ ҳаракатлар» кўриш билан таҳдид қилди, деб ёзмоқда BBC.
Кир Стармер, Марк Карни ва Эммануэль Макроннинг таъкидлашича, улар ҳар доим Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи учун курашган, аммо ҳозирда унинг Ғазо секторига янги ҳужумини мутлақо номутаносиб жавоб деб билади, дея қайд этди нашр. Уларнинг қўшимча қилишича, Ғазодаги азоб-уқубатлар даражаси «чидаб бўлмас».
Британия, Франция ва Канада раҳбарлари Исроил ҳукуматининг секторга фақат минимал зарур миқдордаги инсонпарварлик ёрдамини юбориш қарорини мутлақо ноадекват деб ҳисобламоқда. Ушбу давлатларнинг Исроилга қарши «аниқ ҳаракатлари» қандай бўлиши мумкинлиги баёнотда аниқлаштирилмаган.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Стармер, Макрон ва Карнининг баёнотини «2023 йил 7 октябрда геноцид уюштирганларга нисбатан улкан мукофот» деб атади ва Исроил ҲАМАС устидан ғалаба қозонмагунча жанг қилишига ишонтирди.
2 мартдан бери Ғазога озиқ-овқат, ёнилғи ёки дори-дармон киритилмаган, БМТ аввалроқ Фаластин аҳолисига «ҳалокатли зарба» берилаётгани ҳақида баёнот берганди.
Ғазодаги урушга ҲАМАС бошчилигидаги ҳужум сабаб бўлган, унда 1200 га яқин одам ҳалок бўлди ва 251 киши гаровга олинди. Ғазода гаровга олинганларнинг қарийб 58 нафари қолмоқда, улардан 23 нафари тирик деб тахмин қилинмоқда.
ҲАМАС томонидан бошқариладиган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг ҳарбий кампанияси давомида 53 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлганини айтмоқда.
Буюк Британия, Франция ва Канада баёнотида ўт очишни тўхтатиш, шунингдек, Исроил билан ёнма-ён мавжуд бўладиган мустақил Фаластин давлатини таклиф қилувчи «икки давлат ечими»ни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш яна бир бор таъкидланди.
Май ойи бошида Исроил ҳукумати ҲАМАСга қарши қуруқликдаги операцияни кенгайтириш режасини маъқуллаганди, унинг мақсади — «Ғазони забт этиш ва ҳудудни эгаллаш». Ғазонинг тинч аҳолисини анклав жанубига кўчириш режалаштирилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
