Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Бухоро ва Хоразм вилоятларини боғловчи А380 автомобиль йўлида чигирткалар тўдаси юргани акс этган видео тарқалди.
Ўсимлик карантини ва ҳимояси агентлигининг билдиришича, мазкур ҳудудда саксовул букри чигирткаси тўдаси аниқланган. Уларни ўз вақтида талофатларсиз бартараф этиш мақсадида Бухоро вилоятининг Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати 2 та отрядга бўлинган ҳолда 4509 гектар майдонда кимёвий ишловлар олиб борган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу ҳудудларда 15 та махсус техника ёрдамида кимёвий ишловлар берилганини, ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинганини маълум қилди.
Бухоро вилоятининг Газли массиви, Ромитон, Қоракўл, Тойлоқ туманлари алоҳида назорат остига олинган ва уларда ҳам кузатув-мониторинг ишлари давом этмоқда.
10 май ҳолатига кўра, республика бўйича 472 минг 739 гектар майдонда кузатув олиб борилган. Мониторинг натижасида 267 минг 267 гектар майдонда зарарли чигиртка тарқалгани аниқланган. Шундан 244 минг 530 гектарда кимёвий ишловлар ўтказилган.
«Алоҳида қайд этиб ўтамиз, саксовул букри чигирткаси қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказмайди. Ҳудудлардаги тезкор штаблар томонидан мурожаатлар ўрганилиб, аниқланган ўчоқлар қисқа фурсатларда бартараф этиляпти», — дейилади ЎКҲА хабарида.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг ёзишича, бу ўтган йилдаги каби Газли шаҳарчаси атрофидаги марокаш чигиртка босқини каби жуда хавфли ҳисобланмайди. Шунга қарамай, бу чигирткалар тарқалиш хавфи олдини олиш керак.
Ўсимлик карантини ва ҳимояси агентлиги фуқаролардан зарарли чигиртка тарқалган майдонлар тўғрисида 1288 ёки 71 202 10 00 рақамларига мурожаат қилишларини сўради.
Бундан ташқари, ташкилотнинг барча расмий саҳифаларида Ҳудудий чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати раҳбарлари ва бош агрономларнинг телефон рақамлари кўрсатиб ўтилган. Хизматлар ва кимёвий воситалар мутлақо бепул, дейилади хабарда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
