Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистонда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) негизида Марказий Осиё экология ва атроф-муҳитни ўрганиш илмий-тадқиқот маркази (Tashkent Headquarter) ташкил этилади.
Бу ҳақдаги меморандумни Экология вазирлиги ва Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти вакиллари имзолади.
Марказ қўшма илмий тадқиқотлар, мутахассислар тайёрлаш, технологиялар алмашиш, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида «яшил» ва барқарор ривожланишни илгари суриш учун платформа бўлади, дейилади хабарда.
Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида илмий конференциялар ва семинарлар ўтказиш, биргаликда ишланмалар тайёрлаш ва нашр этиш, лабораторияларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, амалий лойиҳаларни амалга ошириш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.
Хитойлик мутахассислар билан аввалги келишувлар доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Арнасой, Кармана, Муборак, Қоракўл ва Нукус туманларида галофит ўсимликлар боғларини ташкил этиш, Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги агентлигига 1,4 тонна уруғлик бериш, шунингдек, ифлосланиш мониторинги бўйича рақамли тизимларни жорий этиш шулар жумласидан.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети Green University 2024 йил февраль ойида очилган. Университетда экоменежмент, экология ва иқтисодиёт, экология ва давлат бошқаруви йўналишлари бўйича бакалаврлар, шунингдек, барқарор ривожланиш, барқарор молия, экология ҳуқуқи ва эко-журналистика йўналишлари бўйича магистрлар тайёрланади.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
