Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Shutterstock
Хоразм вилояти Янгиариқ туманида металлолом учун топширилган снаряд портлаб кетди. Йиғиш пунктининг 31 ёшли ходими вафот этди, деб ёзди Kun.uz. Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларнинг ҳодисага алоқаси йўқлигини, ўқ-дорилар маҳаллий чўпонлар томонидан қазиб олинганини хабар қилди.
Ижтимоий тармоқларда апрель ойида Хоразм вилояти Янгиариқ туманида снаряд портлаши оқибатида бир фуқаро ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мудофаа вазирлиги орадан 1 ойдан зиёд вақт ўтгач ҳолат ҳақида маълумот берди.
Воқеа ҳақида Kun.uz’га хабар берган манбага кўра, 11 апрель куни металлоломга йиғиб келинган темир-терсаклар туширилаётганда улар орасида бўлган снаряд портлаб кетган. Оқибатда шу ерда ишловчи 31 ёшли О.Б. оғир жароҳат билан вафот этган.
Хабарда таъкидланишича, ушбу снаряд Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидаги ҳарбий хизматчилардан сотиб олинган. Ҳолатни ўрганиш жараёнига ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва сапёрлар жалб қилингани, улар яна 30 га яқин снаряд топгани айтилмоқда.
Вазирлик қурол ташкилот тасарруфида бўлмаган ҳудудда маҳаллий чўпонлар томонидан ўзбошимчалик билан қазиб олингани ва металлоломга топширилганини таъкидлади.
«Ушбу воқеага ҳарбий хизматчиларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ ва жиноий жавобгарликка тортилмаган», — деди Мудофаа вазирлиги мазкур турдаги снаряд Қуролли кучларда мавжуд эмаслигини билдириб. Ташкилот маълумотларига кўра, бу турдаги снаряд 1970 йилларда қўлланган.
«Бундай ҳолатларда фуқаролар хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга зудлик билан хабар қилиши шарт», — таъкидланади хабарда.
Айни вақтда ҳолат юзасидан Ҳарбий прокуратура томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
