Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда гўшт нархининг ошиб кетгани юзасидан расмий муносабат билдирди. Вазирлик ушбу ҳолат бўйича БМТнинг Халқаро озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) шарҳини келтирди.
Унда келтирилишича, қуйидаги учта сабаб гўшт нархига таъсир қилмоқда:
- Дунёда гўшт ишлаб чиқариш ҳажми секинлашиши;
- йирик импорт қилувчи давлатларда талаб юқорилиги;
- озуқа хомашёси ва транспорт харажатларининг ортиши.
«Масалан, Россияда товуқ гўшти нархи йил бошидан буён 9,7 фоизга, Қозоғистонда эса 4,7 фоизга ошган. Умуман олганда, Ўзбекистонда гўшт нархи минтақавий тенденциялар доирасида сақланмоқда ва глобал бозор тебранишларига нисбатан барқарорликни намоён қилмоқда», — дея қайд этган вазирлик.
Вазирлик қайд этишича, айни пайтда бозорларнинг арзонлаштирилган расталарида 1 кг мол ва қўй гўшти ўртача 65−75 минг, савдо расталарида 90−95 минг, савдо марказларида эса 95−100 минг сўмдан сотилмоқда. Тошкент шаҳридаги арзонлаштирилган расталарда 65−75 минг сўмлик гўштни харидорларнинг 15−18 фоизини, 90−95 минг сўмлик рўзғорбоп гўшт эса 82−85 фоизини, 110−130 минг сўмлик суяксиз (лаҳм) гўшт эса атиги 1−2 фоизини ташкил этади.
Пойтахт бозорларида гўштни аҳолининг харид қобилиятига мос равишда қисмларга бўлиб сотиш йўлга қўйилган. Жумладан, гўшти ажратилган суяк (рагу) 25−30 минг сўм, қовурға 85−95 минг сўм, суяксиз гўшт (лаҳм) эса 110−130 минг сўм атрофида.
Вазирлик гўшт нархини хориж давлатлардагига солиштирган. Вазирлик 1 кг мол гўшти Россияда 10−12, Беларусда 6−8, Қозоғистонда 7−11, Тожикистонда 8−10, Грузияда 9,5−12, Озарбайжонда 9,5−12,5, Туркияда 12−14 доллар, шунингдек, Швецияда 46,2, Исландияда 38,86, Жанубий Кореяда эса 28 доллар атрофида эканини келтирган.
«Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон дунёнинг гўшт энг арзон сотиладиган давлатлари қаторида бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қирғизистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди», — дея қайд этган вазирлик.
Вазирлик гўшт ишлаб чиқаришга бевосита таъсир кўрсатувчи омилларни ҳам санаб ўтган. Қайд этилишича, 2025 йилнинг биринчи чорагида гўшт ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар — жумладан, ем-озуқа, электр энергияси ва ёқилғи-мойлаш материаллари нархлари кескин ошган.
Шунингдек, чорвачиликда гўшт етиштириш учун кучли озуқага бўлган талаб юқорилиги, озуқа етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги туфайли чорва молларини озуқа билан таъминланиш даражасининг 35−40 фоизини ташкил этмоқда.
2024 йил октябрь ойидаги нархлар билан солиштирилганда, бугунги кунда шрот нархи 3 минг сўмдан 7 минг сўмга, шелуха 2 800 сўмдан 4 минг сўмга, омухта ем 2 900 сўмдан 3 700 сўмга, буғдой 2 200 минг сўмдан 3 500 минг сўмга, маккажўхори силоси 500 сўмдан 900−1 000 сўмга, сомон 15 минг сўмдан 25 минг сўмга, беда эса 25 минг сўмдан 45 минг сўмга ошган.
Озуқа харажатлари, меҳнатга ҳақ тўлаш ва электр энергияси харажатларининг ошиши ҳам гўшт таннархига бевосита таъсир кўрсатган.
2024 йилда умумий 2 миллион 900 минг тонна тирик вазнда (1 миллион 700 минг тонна сўйилган вазнда) гўшт ишлаб чиқарилган. 93 минг тонна гўшт импорт қилинган. Ишлаб чиқарилган гўштга нисбатан импорт салмоғи 5,4 фоизни ташкил қилган. Импорт қилинган гўштнинг 70 фоизи қайта ишлаш корхоналарига йўналтирилган бўлса, қолган қисми Тошкент шаҳри деҳқон бозорларидаги арзонлаштирилган расталарда сотилган.
Вазирлик қайд этишича, сўнгги беш йилда чорвачилик соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида чорвачилик корхоналарида мол сони икки баробар, ишлаб чиқарилаётган чорвачилик маҳсулотлари ҳажми эса уч баробар ошган. Наслчилик корхоналари сони 400 тадан 1 900 тага етказилган бўлса, зоти яхшиланган қорамоллар улуши 30−35 фоиздан 70−75 фоизга кўтарилган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
