Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
СССР томонидан 1972 йил 31 мартда Венера дастури доирасида учирилган «Космос-482» сайёралараро космик аппаратининг қолдиқлари 9−11 май оралиғида Ерга тушиши мумкин, ҳалокат жойи ҳозирча номаълум. «Ўзбеккосмос» агентлиги бўлим бошлиғи Аҳрор Агзамов бу ҳудуд Ўзбекистон бўлиши ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
««Космос-482»нинг аниқ қаерга қулашини айтиш бироз мушкул. Унинг Ўзбекистон ҳудудига тушишининг эҳтимоли эса ҳозирча 0,3−0,5 фоиз оралиғида баҳоланмоқда», — деди у.
«Аппаратнинг катта қисми атмосферага кириши билан ёниб кетса-да, Венеранинг оғир шароитларида қўниш ва ишлаш учун мўлжалланган ярим тоннага (500 кг) яқин массали титан шари алоҳида хавф туғдиради. Бу компонент ер атмосферасига киришда омон қолади ва бутунлай қулаб тушади», — дея таъкидлади мутахассис.
«Парашют борлигига қарамай, коинотда 53 йил бўлганидан кейин у ишламаслиги мумкин. Ерга урилиш тезлиги эса соатига 500 километргача етиши кутилмоқда», — дея қўшимча қилди у.
Унинг сўзларига кўра, бўлаклар топилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан расмийларга хабар бериш ва ҳеч қандай ҳолатда аппарат қолдиқлари билан алоқада бўлмаслик тавсия этилади, чунки улар таркибида хавфли кимёвий моддалар бўлиши мумкин.
«Ўзбеккосмос» собиқ Тошкент машинасозлик конструкторлик бюроси мазкур «Венера» дастурининг сўнгги босқичларида муносиб иштирок этганини қайд этди. У «Венера-13 ва 14» (1982) ва «Вега-1 ва 2» (1985) аппаратлари учун грунт олиш ва бурғилаш қурилмаларини лойиҳалаштирган ва ишлаб чиқарган.
Уларни синовдан ўтказиш эса Тошкент вилоятидаги Невич қишлоғида жойлашган синов марказида амалга оширилган.
АҚШ Миллий Аэронавтика ва космик маъмуриятининг (NASA) хабар беришича, қулаш эҳтимоли мавжуд бўлган жой 52 даража шимолий кенгликдан 52 даража жанубий кенгликкача бўлган ҳудудда жойлашган бўлиши мумкин. Бу ҳудуд бир нечта мамлакатларни ўз ичига олади.
«Қачон ва қаерга қулашига оид аниқроқ маълумотлар яқин кунларда кутилмоқда, бироқ ноаниқлик атмосфера қатламига кириш вақтигача сақланиб қолади», — дейилади NASA баёнотида.
«Космос-482» умумий оғирлиги 1184 кг бўлган орбитал модул ва тушириш зондидан иборат бўлган. Аппарат 495 кг оғирликдаги иссиқликдан ҳимояланган, герметик сферик контейнердан иборат эди. Астроном Марко Лангбрукнинг фикрича, бу қурилма «Венера» учун мўлжалланган илмий миссияга тайёрланган, у атмосферага киришда деярли бутун ҳолатда омон қолиши мумкин.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
