Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: ДХХ
Давлат хавфсизлик хизмати солиқ тизимидаги айрим мансабдорлар «Барқарорлик рейтинги»даги маълумотларни сохталаштирганини аниқлади. Бу орқали давлат бюджетидан 82 млрд сўм ҚҚС ноқонуний қайтарилган.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари чоғида «Барқарорлик рейтинги» дастуридаги маълумотлар сохталаштирилгани оқибатида, умумий қиймати 82 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) маблағлари давлат бюджетидан ноқонуний тарзда қайтариб олингани аниқланган.
Терговга кўра, солиқ идораларининг айрим мансабдор шахслари моддий манфаат эвазига 18 та хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига рейтингдаги кўрсаткичларни сунъий оширган, хавф даражасини эса олиб ташлаган. Натижада, давлат бюджети ҳисобидан йирик миқдордаги маблағ ноқонуний ечиб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Фирибгарлик) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят иши доирасида ёғоч импорти билан шуғулланувчи МЧЖ ҳисобига 5,5 миллиард сўмлик ҚҚС маблағи ноқонуний равишда қайтарилган ҳолат ҳам аниқланган. Бу бўйича Солиқ қўмитасининг икки ходими, мазкур МЧЖ директори ва ҳисобчиси, шунингдек, икки норасмий раҳбар терговга жалб этилиб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шу билан бирга, гумонланувчиларга тегишли 16 та объектга ўтказилган тинтув-тергов тадбирлари давомида 79 минг АҚШ доллари, 161 миллион сўм нақд пул, 3 та Li 9 электромобиль, 2 та Gentra ва 1 та Nexia-3 русумли автомобиллар, 1268 блок Terea номли электрон сигарет таёқчалари, 27 та электрон калитлар, муҳрлар, компьютер ва телефон аппаратлари процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Қолган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳам ноқонуний ўзлаштирилган ҚҚС маблағлари юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
