Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
2 май куни Тошкентда ўтказилган учинчи Инклюзив бизнес-форуми доирасида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии «Газета.uz» мухбирининг ногиронлиги бўлган шахслар бандлиги масаласига оид саволларига изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, ногиронлар бандлигини таъминлаш Ўзбекистон шароитида ҳам жуда муҳим ҳисобланади.
«Чунки мамлакатда аҳоли сони ва иқтисодиёт ўсиб бормоқда. Лекин ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги фақат даромад олиш ва тирикчилик воситаси эмас. Меҳнатдан кўзланган мақсад — жамият ривожига ҳисса қўшиш, пировардида, ўз салоҳиятини юзага чиқариш ва инсон қадр-қиммати ҳамдир. Шу нуқтаи назардан, БМТда тизимли масалаларни ҳам кўриб чиқишни истаймиз. Токи давлат жисмоний имкониятлари турлича бўлган одамлар иш жойида ўз қобилиятларини яхшироқ намоён қилишлари учун қулай муҳит, ҳуқуқий асос ва институтсионал салоҳиятни таъминлаш имконига эга бўлсин. Бу ўз салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим аҳамиятга эга», — дейди у.
Акико Фужиининг таъкидлашича, аввало, ногиронларга нисбатан стереотипларга барҳам бериш керак. «Улар ҳам ўзига хос истеъдод эгаларидир. Назаримда, бу истеъдодлар яшаб қолиши учун яхшироқ муҳит яратиш ҳам жамият ва иш берувчиларнинг қўлида. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инклюзив, яъни ногиронлиги бўлган шахсларни қамраб олиш сиёсати ва амалиётини юритадиган компаниялар ҳам фойдага чиқади. Демак, сиёсатни қай тарзда амалга ошириш ва турли истеъдод эгаси бўлган турлича одамлар фаолият кўрсата оладиган соҳаларни молиялаштиришга устуворлик бериш муҳим», — дея қўшимча қилди Фужии.
У БМТ ТД Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш бўйича қандай лойиҳалар амалга ошираётгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, шундай деди:
«Бизда икки йўналишли ёндашув мавжуд. Биринчидан, инсон ҳуқуқлари ва имкониятлари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг имкониятларини кенгайтириш масалаларини барча дастурларимизга сингдиришга уринамиз. Хусусан, гендер, иқлим ўзгариши, бошқарув, бандлик бўйича барча лойиҳаларимизда бу жиҳат инобатга олиниши шарт. Иккинчидан, аниқ мақсадли лойиҳалар. Масалан, бизда тадбиркорлар, айниқса, чекка ҳудудларда фаолият олиб борадиган ишбилармонлар учун тренинг дастурлари мавжуд. Бу тренингларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг иштирокини таъминлаймиз. Чунки ҳар бир инсон, айниқса, муайян қийинчиликларга дуч келган кишилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун тадбиркорлик имкониятларини яратиш жуда зарур», — дейди халқаро ташкилот расмийси.
Фото: БМТ Тараққиёт дастури
«Шунингдек, фуқаролик жамияти ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорликда юридик ёрдам дастурларини амалга оширамиз. Чунки улар бу масалага катта эътибор қаратадилар, ногиронлиги бўлган шахслар билан яқиндан ишлайдилар ва уларнинг алоҳида эҳтиёжларини яхши тушунадилар. Шу аснода, биз давлат томонидан тақдим этиладиган барча юридик ёрдам имкониятларидан ногиронлиги бўлган шахслар ҳам фойдалана олишини таъминлаймиз. Бу ҳукумат билан ҳамкорликдаги лойиҳамизга яна бир мисол», — дейди Акико Фужии.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди


