Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: ОТБ
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга Тошкент шаҳридаги бешта ихтисослашган шифохонани бошқариш учун давлат-хусусий шерикликни жалб қилиш лойиҳасини амалга оширишда маслаҳат беради.
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бозорларни ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш департаменти орқали Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига касалхоналарни эксплуатация қилиш ва бошқариш (ЭҚБ) бўйича давлат-хусусий шериклик (ДХШ) дастурини тизимлаштириш ва амалга оширишда маслаҳат хизматларини кўрсатади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Ташаббуснинг мақсади Тошкентдаги бешта юқори даражада ихтисослашган шифохонани узоқ муддатли ДХШ орқали самарали ва беморларга йўналтирилган муассасаларга айлантиришга қаратилган. «Дастур доирасида хусусий секторнинг тажрибали операторлари тиббий хизматлар сифати, шифохоналарнинг ишлаш самарадорлиги ва беморларни даволаш натижадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳам клиник хизматларни, ҳам муассасаларнинг ишлашини бошқаради. У хизматларнинг инклюзивлигини ва фойдаланиш имконияти мавжуд бўлишини таъминлади», — дея қайд этди ОТБ.
«Ушбу дастур давлат-хусусий шериклик Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасида қандай қилиб инклюзив натижаларни таъминлаши мумкинлигини намойиш этади. ОТБ ушбу ташаббусни амалга оширишда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашдан мамнун бўлиб, у нафақат шифохона хизматлари сифатини яхшилаш, балки натижаларга йўналтирилган ҳамкорликни бошқариш бўйича институционал салоҳиятни ошириш имконини беради», — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайа.
Дастур Ўзбекистоннинг 2019−2025 йилларда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш концепциясига мувофиқ бўлиб, мамлакатда тиббий хизматлар сифатини ошириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга қаратилган. Шунингдек, у мамлакатнинг давлат хизматларини ислоҳ қилиш, молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш ва инсон капитали соҳасидаги натижаларни яхшилаш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшади.
«Хусусий секторнинг ихтисослаштирилган миллий шифохоналарни бошқаришга жалб этилиши Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилишнинг янги босқичи бошланганидан далолат беради ва бунда узоқ муддатли барқарорлик, фаолият самарадорлиги ва бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш устувор вазифа бўлиб ҳисобланади. ОТБ билан ҳамкорликда ва илғор халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, биз тиббий ёрдам сифати ва беморлар фаровонлигига асосланган янги бошқарув моделини яратмоқдамиз», — деди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарходжон Тошпўлатов.
«Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини пухта тизимлаштирилган ДҲШ орқали мустаҳкамлаш фискал ва ривожланиш стратегиямизнинг асосий элементидир. Ушбу дастур давлат харажатлари самарадорлигини оширишга, малакали хусусий шерикларни жалб қилишга ва фуқароларимиз саломатлиги борасида яхшироқ натижаларга эришишда ёрдам беради», — деди Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзоқов.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
 
									 
					
