Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти чегарасида Қозоғистондан олиб келинган синтетик гиёҳванлик воситалари айланмасига чек қўйди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.
Тошкент вилоятидаги тезкор тадбирда Қозоғистондан «Навоий» чегара-божхона пости орқали кириб келган Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1983 ва 1988 й.т. 2 нафар фуқарога тегишли тиббий ускуналар кўздан кечирилди. Натижада ушбу ускуналар ичига яширилган, умумий баҳоси 1 миллион долларга тенг бўлган 4,2 кг «Мефедрон» ҳамда 3,97 кг «Алъфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи, 1992, 1993, 1995 ҳамда 2000 й.т. 5 нафар фуқаро ҳам қўлга олинди.
Маълум бўлишича, улар Telegram мессенжери орқали наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи Россия фуқароси кўрсатмаларини бажариб келган.
«Навоий» постида фош этилган бошқа ҳолатда 1980 й.т. Қирғизистон фуқароси томонидан аравакаш сифатида ёлланган шахс Қозоғистондан газ плитасини олиб кирган вақтида тўхтатилиб текширилган. Натижада газ плитаси ичида 1,985 кг «Алъфа-ПВП» синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида Тошкент шаҳрида яшовчи, 2006 й.т. шахс ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Видео
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
